Ижтимоий тармоқларда шахси номаълум фуқаролар томонидан бўрини ушлаб, унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинаётгани акс этган видеолар тарқалган эди.
Мазкур видеотасвирлар жамоатчилик орасида кенг муҳокама ва жиддий резонансга сабаб бўлганлиги инобатга олиниб, бош бошқарманинг масъул давлат инспекторлари томонидан ҳолат юзасидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганиш жараёнида аниқланишича, мазкур ҳолат 2025 йил 10 декабрь куни Узун тумани “Бешкапа” маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Фуқаро М.И. ўзига тегишли бўлган майда шохли қора моллари (қўйларини) адирлик ҳудудда ўтлатиб юрган вақтида бўри ҳужумига учраган. Фуқаро чорва молларининг бир қисмини ҳимоя қилиш асраб қолиш мақсадида бўрини таъқиб қилганини ва ушбу ҳолат оқибатида бўри нобуд бўлганини ёзма тушунтириш хатида баён этган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳолат юзасидан тузилган далолатнома асосида, фуқаронинг ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддаси талаблари бузилгани аниқланган бўлиб, мазкур қонуннинг 53-моддасига мувофиқ жавобгарлик чоралари белгиланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддаси 1-қисми асосида БҲМнинг 20 баробари – 8 миллион 240 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
“Маълумки, бўри Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни билан муҳофаза қилинадиган ёввойи ҳайвон турларидан бири ҳисобланади. Унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, қийноққа солиш ёки ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириш амалдаги қонунчиликка зид бўлиб, белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади”, – дейилади хабарда .
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!