Тошкент халқаро аэропортида каннабис мойи ва психофаол қўзиқоринлар аниқланди
ДХХ ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Тошкент халқаро аэропортида тезкор тадбир ўтказилди.
“Бангкок – Тошкент” йўналишида учиб келган фуқаронинг юклари белгиланган тартибда рентген аппарати орқали текширилганда, шубҳали озиқ-овқат маҳсулотлари борлиги аниқланди. Юклар очиб кўрилиши натижасида Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс турли озиқ-овқат маҳсулотлари ниқоби остида 978 грамм каннабис мойи ҳамда таркибида психофаол модда бўлган, умумий оғирлиги тахминан 500 граммни ташкил этувчи қўзиқоринларни олиб келгани маълум бўлди.
Аниқланишича, мазкур маҳсулотлар келгусида сотиш мақсадида олиб келинган.
12 992 дона сибутрамин сақловчи кофе маҳсулотлари аниқланди
Яна бир ҳолатда Тошкент тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Дамас” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Текширув давомида автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Учкўприк туманларида яшовчи, 1987 ва 1989 йилларда туғилган икки нафар шахсга тегишли полиэтилен пакетларда таркибида “Сибутрамин” кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган жами 12 992 дона кофе маҳсулоти борлиги аниқланди.
Мазкур маҳсулотлар белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, олиб қўйилди. Дастлабки маълумотларга кўра, улар қўшни давлатдан олиб кирилиб, Фарғона вилоятида сотилиши режалаштирилган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!