Хитойнинг Сичуан провинсиясида оилавий тадбир вақтида уйнинг бир қисми қулаб тушиши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, 17 киши жароҳатланди. Бу ҳақда мамлакат марказий телевидениеси хабар берди.
Ҳодиса Чаннин уездидаги Синбао қишлоғида оиланинг фарзандлари олий таълим муассасасига ўқишга кирганини нишонлаш учун дастурхон ёзилган пайтда содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, кучли ёмғирлар оқибатида тўпланган сув уйнинг деворига маҳкамланган вақтинчалик соябонга ортиқча оғирлик қилган. Натижада соябон девор билан бирга қулаб тушган.
Ҳодиса оқибатида 3 киши воқеа жойида, яна 2 киши эса шифохонада вафот этган. Жароҳатланган 17 киши тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага олиб борилган.
Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида болалар ёки ёшлар бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.
Қайд этилишича, Сичуан провинсиясида ҳафта бошида кучли ёмғирлар бўйича огоҳлантириш эълон қилинган. Расмийлар ёғингарчиликлар сабабли геологик офатлар юзага келиш хавфи юқори эканидан ҳам огоҳлантирган.
Аввалроқ “Делфин” тайфуни сабабли Пекинда оммавий эвакуатсия эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!