“Ўзгидромет” Тошкентдаги ҳаво ифлосланишига изоҳ берди.
Қайд этилишича, Макросиноптик ҳолат бўйича республика ҳудуди, шу жумладан Тошкент шаҳри ҳам антициклон периферияси таъсирида қолмоқда. Мазкур жараён атмосферанинг ер сиртига яқин қуйи қатламида ҳавонинг қуёш ботиши ва чиқишидан сўнг радиацион совушини келтириб чиқаради.
Бу эса ҳавода сув буғлари тўйиниши, қалин туман ва булдуруқ ҳодисаларига сабаб бўлади. Ҳаводаги сув буғлари ҳарорат 10-15 даража совуқда муз парчаларига айланиб, майда дисперсс заррачалар кўринишида ҳавода хираликни юзага келтиради. Шу билан бирга шамол омилининг йўқлиги эса ҳавода кўринувчанликни пасайтириб юборади.
Айни вақтда Тошкент шаҳридаги атмосфера ҳавосининг пастки қатламида (100-150 метргача) ҳарорат инверсияси (ҳаво ҳароратининг баландликка қараб ортиб бориши) вужудга келган. Ҳарорат инверсияси ҳавонинг вертикал ҳаракатларига тўсқинлик қилади, натижада майда заррачали (ПМ 2,5) ифлослантирувчи моддалар концентрация ошиб боришига сабаб бўлади.
Ҳаводаги кўринувчанликни пасайиши эса транспортларни ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатади. Жумладан, 22-январ соат 22:00 дан 23-январ соат 05:00 га қадар пойтахтда радиацион совиш фонида қалин туман ҳодисалари рўй бериб, Тошкент халқаро аеропортида кўриниш масофаси 50-100 метргача бўлганлиги сабабли ушбу вақт оралиғидаги 11 та авиарейслар захира аеропортларга йўналтирилган.
Шу билан бирга, туман ва булдуруқ ҳодисалари таъсирида ПМ 2,5 майда дисперс заррачаларини ортиши ўлчов воситаларида аниқланиб, АҚИ рейтингида Тошкент шаҳри 23-январ куни соат 7:00-9:00 оралиғида 317 кўрсаткич билан биринчи ўринга кўтарилган. Айни дамда ҳаво ҳароратининг ортиши натижасида туман, булдуруқ ҳодисалари чекиниб ҳавонинг майда заррачалар билан ифлосланиши пасаймоқда (соат 12:00 ҳолатига АҚИ рейтингида 3-ўринда).
“Ҳамшаҳарларимизга шуни эслатиб ўтмоқчимиз-ки, ушбу жараёнда атмосфера ҳавосининг зарарли ифлослантирувчи моддалар (карбонад ангидрид, олтингугурт, аммиак, чанг) билан ифлосланиш ҳолати рухсат этилган меъёрий миқдорлардан ортмаган. Автотранспорт ҳаракати натижасида азот икки оксиди миқдори 0,2-0,3 маротаба рухсат этилган меъёрий мифдорлардан ортгани қайд этилиб, ушбу кўрсаткич юқори даражадаги ифлосланиш ҳисобланмаган ҳолда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмайди”, – дейилади “Ўзгидромет” муносабатида.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!