Сўнгги вақтларда Туркия ҳудудида айрим тоифадаги жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ўзбекистон фуқароларига йирик пул маблағлари эвазига АҚШга доимий яшашга юбориш, шунингдек, Европа мамлакатларининг визаларини расмийлаштириб беришни ваъда қилиш орқали фирибгарлик жиноятларининг содир этилиши ҳолатлари кўпайган. Бу ҳақда Истанбул Бошконсулхонаси хабар бермоқда.
Таъкидланишича, бу тоифадаги шахсларга ишонган фуқаролар жиддий муаммоларга дуч келиб, уларнинг кўрсатмаси билан турли хорижий давлатларга, асосан Осиё ва Африка давлатларига бориб, у ерда сарсон-саргардон бўлишган.
Шунингдек, куни-кеча АҚШга кетиш илинжида фирибгарлар тузоғига тушиб, Африка ва Лотин Америкаси давлатларида фарзанди билан оғир аҳволда қолган яна бир аёл Бош консулхона ёрдамида Ўзбекистонга юборилгани айтилмоқда.
Ноқонуний миграциянинг жиддий оқибатлари:
– Пул маблағларингизни фирибгарлар ўзлаштириб юбориши;
– Ҳужжатларингизнинг ноқонуний йўл билан олиб қўйилиши;
– Чет элда ҳужжатсиз қолиб, ҳуқуқий муаммоларга дуч келиш;
– Жиноий жавобгарликка тортилиш;
– Депортация ёки узоқ муддатли тақиқларга учраш.
Бундан ташқари, “АҚШга ёки Европа мамлакатларига қонуний йўл билан чиқиш учун фақат расмий ваколатли идораларга мурожаат қилинг”, – дея консуллик муҳим эслатма бермоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!