Украина давлатига қарашли “Хочу жить” лойиҳаси хабарига кўра, Россия армияси сафида Украинага қарши жанг қилган 481 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди.
“Ўзбекистон фуқаролари бугунги кунда биз аниқлашга муваффақ бўлган Россия Қуролли Кучларининг хорижий ёлланма аскарлари сони бўйича етакчи ҳисобланади”, — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар сони бир неча баробар кўп бўлиши мумкин. “Хочу жит” лойиҳаси Россия армиясига ёлланиб, ҳалок бўлган 481 нафар Ўзбекистон фуқаросининг шахсига аниқлик киритган.
Шунингдек, Украинага қарши жанг қилган ёки қилаётган камида 2715 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифлари эълон қилинган. Уларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан, 2023 йилда 498 нафар, 2024 йилда яна 941 нафар ўзбекистонлик Россия армияси билан шартнома имзолаган. 2025 йилнинг биринчи ярмида эса 1 300 га яқин Ўзбекистон фуқароси Россия армияси таркибида урушга йўл олган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқароларига чет давлатларининг ҳарбий хизматига ёлланиш тақиқланган. Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш 10 йилгача озодликдан маҳрум этишга сабаб бўлади. Урушга одамларни ёллаш, уларни ўқитиш ва улардан ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш 12 йилгача озодликдан маҳрум қилишга олиб келади. Жиноят кодексининг 154-1-моддасига асосан, чет давлатлар ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланган Ўзбекистон фуқаролари 5 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
 
	Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
 
		Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!