Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида Ўзбекистон ва Қозоғистонни боғловчи “Тошкент — Термиз” халқаро автомобил йўлининг 24,1 километрлик қисми реконструксия қилиниб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда “24КЗ” хабар берди.
Янгиланган М-39 автомагистрали Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтади. Реконструксия доирасида йўл биринчи тоифали, тўрт қаторли автомобил йўлига айлантирилди. Таъмирлаш ишлари 2024-йил сентябрь ойида бошланган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллиард тенгени ташкил этди.
Дастлаб йўлнинг шикастланган бетон конструксиялари таъмирланди. Шундан сўнг 400 минг квадрат метр майдонга асфалт ётқизилди. Йўл бўйидаги тўсиқлар янгисига алмаштирилди, шунингдек, олтита кўприкдаги асфалт қопламаси ҳам янгиланди.
М-39 автомагистрали Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегараолди қатновлари учун муҳим транспорт йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу йўл орқали юк ва йўловчи ташиш амалга оширилади. Унинг яқинида “Селинний” ҳамда Ўзбекистон томонидаги “Оқ олтин” чегара назорат-ўтказиш пункти, шунингдек, “Сирдарё” назорат-ўтказиш пункти жойлашган.
Мақтаарал тумани ҳокими ўринбосари Серик Турсинқуловнинг таъкидлашича, янгиланган транспорт коридори чегара пунктларининг ўтказиш қобилиятини ошириш ва ҳудуднинг транзит салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, ушбу автомагистрал орқали ҳар куни 15 мингтагача автомобил ҳаракатланади. Янгиланган йўл юк ташиш ҳажмини ошириш ва Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги халқаро савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!