Хусусий университетларга лицензия бериш тўхтатилган. Бу ҳақда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов “Лолазор”лойиҳасидаги суҳбат давомида айтиб ўтган.
Вазирнинг маълум қилишича, ҳозирда Ўзбекистонда хусусий олийгоҳлар етарлича, энди улардаги таълим сифати назорати кучайтириляпти. Вазир олийгоҳларда таълим сифати тушиб кетса, кадрлар ишсиз қолиб кетиши, жамиятда ишсиз олий маълумотлилар кўпайиб кетиши мумкинлигини айтиб ўтган.
“Шу сабабдан ҳозир хусусий университетларга лицензия бериш тўхтатилди. Ҳозир бор университетлар билан ишланяпти. Таълим сифати нуқтаи назаридан барча олий таълим муассасалари текширувдан ўтяпти. Қайсида салоҳият етишмаётган бўлса ёки ҳажми кўпайиб кетаётган бўлса, уларга хат бериляпти. Маълум бир вақт ичида тўғрилашса, уларнинг фаолиятига ҳеч қандай халақит бўлмайди. Айтайлик, бунга жавоб бермайдиганлар судга бериляпти. Суд жараёнида улар ўзларини оқласа, лицензияси сақлаб қолиняпти. Қолмаса, бекор бўлади”, – деган Қўнғиротбой Шарипов.
Бундан ташқари, вазир мамлакатда давлат университетлари билан бор қаторда хусусийлар ҳам бўлиши муҳимлигини, нодавлат олийгоҳлар талабаларнинг хорижга кетиб қолмаслигига ёрдам беришини, улар “балансни ушлаб” туради деган фикрдалигини қўшимча қилган.
“Давлат университетларида талабаларнинг максимал сиғимини олиб бўлдик. Аҳоли сони 2 баробар кўпайиб кетди, лекин биноларни 2 баробар кўпайтириш қийин. Улар қўшни давлатларга чиқишни бошлади. Энди буларнинг ҳаммаси ҳам ўқияптими? Фирибгарларга тушиб қолиб, сохта диплом олаётганлар ҳам бор. Бу биз билганларимиз, билмаганларимиз ҳам бор. Мана шу муаммонинг ечими хусусий университетлар очилиши деб ўйлайман”, – деган вазир.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!