15 йил ишлаган тиббиёт ходимлари фарзандларига контрактнинг 30 фоизигача субсидия берилади
Давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил меҳнат стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандлари учун олий таълимдаги тўлов-контрактнинг 30 фоизигача бўлган қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, субсидия республикадаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичида таҳсил олаётган талабаларга тааллуқли бўлади. Бироқ ажратиладиган маблағ БҲМнинг 15 бараваридан ошмайди.
Масалан, йиллик контракт 20 млн сўм бўлса, унинг 30 фоизи — 6 млн сўм давлат томонидан қоплаб берилади. Юқори контракт суммаларида эса субсидия белгиланган максимал миқдор доирасида ажратилади.
Имтиёздан фойдаланиш учун ота ёки она давлат тиббиёт муассасасида фаолият юритаётган ва камида 15 йиллик иш стажига эга бўлиши керак. Аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.
Шунингдек, қарор билан давлат тиббиёт муассасаларида ишловчи тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун айрим давлат хизматлари бўйича 50 фоизлик чегирмалар ҳам жорий этилди. Имтиёзлар электрон рақамли имзо, кадастр, айрим сертификатлар, апостил, маълумотномалар ҳамда олий таълимга қабул билан боғлиқ хизматларга татбиқ этилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!