Хабарингиз бор, Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қуролли ҳужум уюштирилган эди. Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилишича, ушбу жиноятни содир этган шахсларнинг бири аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушланган.
Қайд этилишича, 26 октябрь куни Қибрай туманида фуқаро С.С. бошқарувидаги Range Rover русумли автомашинага қарата икки нафар номаълум шахс ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиб, номаълум томонга яширинган. Ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.
Таъкидланишича, гумонланувчи шахс ўтказилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!