Испания фильмлари деганда кўз олдингизга нималар келади? Корридо, буқалар ва ўзига хос романтика Испания картиналарини эслатади. Аммо шундай актёр борки бу мамлакатнинг кино саноати ҳақида гапирар эканмиз, унинг ҳам номини тилга олиб ўтамиз. Бу Антонио Бандерас. Актёр 1960 йилнинг 10 август санасида Испаниянинг Малага шаҳрида дунёга келган. Кўп қиррали ижодкор бугун ўзининг 63 ёшини қарши олмоқда. Актёр фильмлардаги профессионал фаолиятини 1984 йилда бошлаган. Бугунга қадар бир қанча диққатга сазовор роллари орқали мухлисларнинг кўнглидан чуқур жой олган. Эътиборингизга бугун ўзининг таваллудини нишонлаётган Антонио Бандераснинг энг машҳур 5 та фильми ҳақида маълумотларни ҳавола этамиз.
5. “Мамбо Қироллари” (1992)
“Мамбо қироллари” 1989 йилда Пулицер мукофотига сазовор бўлган Оскар Хжуелоснинг “Мамбо қироллари севги қўшиқларини ижро этади” романига асосланган. Фильм бойлик ва шон-шуҳрат излаб ватани Кубадан Америкага келган икки мусиқачи ака-ука Сезар ва Нестор атрофида бўлади. Фильм ҳиссиётли ва таъсирчан ҳикояларга бой бўлганлиги сабабли томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
4. “Мен яшаётган тана” (2011)
1984 йилда Терри Жонкенинг “Мйгале” романига асосланган психологик триллерда Антонио Бандерас куйиш қурбонларига катта ёрдам берадиган янги тери яратган малакали пластик жарроҳ ролини ижро этади. У ўзи яратган кашфиётни турмуш ўртоғида синаб кўрмоқчи бўлади. Ушбу фильм кўплаб мухлисларнинг меҳрини қозонди. Айнан Антонио Бандераснинг ижро этган роли томошабинларда яхши таасурот қолдирди.
3. “Матадор” (1986)
Қора испан комедия-драмаси режиссёри Педро Алмодоварнинг энг яхши асарларидан биридир. Танқидчилар фильмни барча жиҳатлари учун юқори баҳоладилар. Алмодовар ўзининг ажойиб ва моҳирона бошқаруви учун мақтовга сазовор бўлди. Фаолиятини эндигина бошлаётган Антонио Бандерас учун ҳам ушбу фильм яхши трамплин вазифасини ўтади.
2. “Уддабурон болалар” (2001)
Ўзбек телеканалларида бир неча йиллар давомида болажонлар учун тақдим этилган ушбу фильм кўплаб ўсмирларга ёшлигини эслатади. Махфий агентлар оиласининг саргузаштлари томошабинларга шу қадар ёққанки, фильм яратувчилари муваффақиятдан сўнг кетма кет 3 та давомий картиналарни суратга олишди. Бугунги кунда Netflix ушбу франшизанинг давомини суратга олмоқда.
1. “Зорро ниқоби” (1998)
Антонио Бандерас деганда кўпчиликнинг кўз олдига Зорро образи келиши турган гап. Фильм дастлаб 1975 йилда, кейинчалик 1998 ва 2005 йилларда суратга олинган. Айнан 1998 йилги “Зорро ниқоби” фильмида Антонио Бандерас бош ролни ижро этган. Танқидчилар фильмдаги ҳаракат элементларини юқори баҳоладилар.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!