Дания парламенти Фаластинни давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши овоз берди. Бу ҳақда “Реутерс” хабар берди.
Мазкур қонун лойиҳаси февраль ойидаёқ тўртта сўл партия томонидан таклиф этилган эди. Уни муҳокама қилиш чоғида апрелда Дания ташқи ишлар вазири Ларс Локке Расмуссен Фаластин давлатини тан олиш учун “дастлабки шартлар йўқ”лигини айтганди. Бироқ овоз бериш куни Расмуссен парламент бу резолюцияни қўллаб-қувватлай олмаса-да, “биз буни амалга ошира оладиган кун келишини хоҳлаймиз”, дея қўшиб қўйди.
10 май куни, БМТ Бош Ассамблеяси Фаластиннинг ташкилотга аъзолиги ҳақида резолюция қабул қилгач, Расмуссен бу қарорни қўллаб-қувватлаганди.
22 май куни учта Европа мамлакати — Испания, Норвегия ва Ирландия Фаластинни давлат сифатида расман тан олишини эълон қилди. Мазкур қарор 28 май куни кучга кирди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху буни “терроризм учун берилган мукофот” деб атаб, ушбу мамлакатлардан Исроил элчиларини чақириб олди.
Айни пайтда Фаластин давлат сифатида расман БМТга кирувчи 193 та мамлакатдан 143 таси томонидан тан олинган. Фаластин давлатини тан олмайдиганлар орасида АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия бор.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!