Қозоғистонда бугундан бошлаб турмушга чиқишга мажбурлаганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисидаги қонун кучга кирди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Қозоғистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар кучга киришни бошлаган. Хусусан, турмушга мажбурлаш ва кибержиноят учун жазо чораларини назарда тутувчи Жиноят кодекси моддалари амалда кучга кирган.
“Ушбу ҳаракат (“Никоҳга мажбурлаш”, ЖК 125-1-модда) энди жиноят деб топилади. Турмушга мажбурлаганлик учун жарима, ахлоқ тузатиш ёки жамоат ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этиш шаклида жазо белгиланган. Хусусан, маълум миқдорда жарима ва икки йилгача озодликдан маҳрум этишгача. Агар ҳаракатлар эҳтиётсизлик туфайли оғир оқибатларга олиб келган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш белгиланиши мумкин”, – дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 125-моддасидаги изоҳни чиқариб ташлаш муҳим ўзгартиришлардан бири бўлган. Унга кўра, олдин агар шахс мажбурлаб ўғирланган одамни ихтиёрий равишда озод қилган бўлса, у жиноий жавобгарлигидан озод қилиниши мумкин эди. Энди бундай имконият йўқ. Ҳатто ўғирланган шахсни ихтиёрий озод қилган тақдирда ҳам айбдор қонун доирасида жавобгарликка тортилади.
Маълумот учун, Қозоғистонда келин ўғирлаш (қиз ўғирлаш) қадимдан мавжуд бўлган урф-одатлардан бири ҳисобланади. Бунда йигит ва унинг қариндошлари ёки дўстлари келишилган ёки баъзан келишилмаган ҳолда бўлажак келинни олиб қочади.
Бу урфнинг икки хил кўриниши бор. Хусусан, келишилган (розилик асосида) ўғирлаш – қиз ва йигит бир-бирини севиб қолганида, ота-онасининг қаршилиги ёки бошқа тўсиқлар сабабли “ўғирлаш” шаклида никоҳ қурилади. Бундай ҳолатларда кўпроқ рамзий маъно бўлиб, кейинчалик томонлар келишиб, тўй ўтказилади.
Келишилмаган (зўрлик асосида) ўғирлаш – қизнинг розилигисиз олиб қочиш. Бу шакл зўравонлик ва мажбурий никоҳ ҳисобланади. Шунинг учун, сўнгги йилларда Қозоғистон ҳукумати ва ҳуқуқ ташкилотлари қизларни мажбуран ўғирлашга қарши курашни кучайтирган. Оммавий ахборот воситалари, фаоллар ва халқаро ташкилотлар бу урфни инсон ҳуқуқларига зид деб баҳоламоқда. Шунга қарамай, баъзи чекка ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда бу одат ҳануз учраб туради. Қозоғистонлик мутахассисларнинг айтишича, “келин ўғирлаш”нинг аслида қадимий илдизлари бор бўлса-да, бугунги кунда уни давом эттириш мумкин эмас.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!