Ўзбекистонликлар бепул ўқув курсларида ўқиб, Японияда қурилиш соҳасида ишлашлари мумкин. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Хабарга кўра, май ойида Миграция агентлиги раҳбариятининг Японияга ташрифи чоғида, ушбу мамлакатнинг Proud Partners компанияси билан ҳайдовчиларни Ўзбекистонда япон тили ва касбга ўқитиб, юқори маошли ишларга жалб қилишга келишилган эди. Келишувлар доирасида сентябрь ойида Тошкент шаҳрида лойиҳанинг рамзий очилиши бўлиб ўтди ва куни кеча B–C тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси бор ва Японияда ишлаш истагини билдириб ариза қолдирган 200 дан ортиқ номзод учун танловлар ташкил этилди.
Қурилиш соҳасида ишлаш учун рўйхатдан ўтган 700 нафар номзодга 15 декабрдан бошлаб онлайн танловлар режалаштирилмоқда. Танловдан ўтганлар Ангрен шаҳар Юрий Гагарин кўчаси 1-уйда жойлашган Миграция агентлиги тасарруфидаги 2-сон техникумнинг Қурилиш соҳаси малакали мутахассисларни тайёрлаш марказида 6–8 ойлик бепул ўқув курсларида таълим олади. Ўқиш даврда бепул ётоқхона билан таъминланади. Жараёнлар якунлангач, улар Японияда иш бошлайди.
Танлов натижалари ва ўқиш бошланиш вақти ҳақида 20 декабрга қадар эълон қилинади.