1958 йилда АҚШнинг Ford компанияси бензин ўрнига атом энергиясидан фойдаланадиган автомобиль — Ford Nucleon концепциясини тақдим этди. Бироқ радиациядан ҳимояланиш, реакторни совитиш, авария хавфи ва радиоактив блокларни алмаштириш каби муаммолар сабаб лойиҳа амалга оширилмади ва ишлайдиган прототип яратилмай, макетлигича қолди.
Ford Нуcлеонънинг 3:8 масштабдаги иккита макети тайёрланган. Улардан бири автомобиль шаклини синаш учун гипсдан, иккинчиси эса кўргазмаларда намойиш этиш учун шиша толали пластмассадан ясалган. Иккинчи макет ҳозиргача сақланиб қолган ва Мичиган штатининг Дирборн шаҳридаги Генри Форд музейида намойиш этилмоқда.
Нуcлеонъда реакторни автомобилнинг орқа қисмига жойлаштириш режалаштирилган эди. Реактор иссиқлик ҳосил қилади, ундан буғ олинади ва буғ турбина орқали автомобилни ҳаракатга келтириши керак бўлган. Реактор, турбина ва бошқа асосий механизмлар орқа ғилдираклар орасидаги олиниб-тақиладиган Power Cell блокига жойлаштирилиши кўзда тутилган.
Форд ҳисоб-китобига кўра, автомобиль битта Power Cell билан қарийб 8000 километр юриши, шундан кейин эса блок махсус станцияда янгисига алмаштирилиши керак эди. Харидорларга реакторнинг тежамкор ёки кучлироқ вариантларини таклиф қилиш ҳам режалаштирилган.
Лойиҳанинг асосий муаммоларидан бири радиациядан ҳимояланиш эди. Реактор ишлаётган пайтда йўловчиларни ҳимоя қилиш учун оғир ва қалин ҳимоя қатламлари талаб этиларди. Буни Convair NB-36Ҳ самолёти мисолида кўриш мумкин: унинг 1 МВт қувватли реактори 16 тонна, экипажни ҳимоя қилувчи қўрғошин ва резина қобиқ эса яна 11 тонна келган. Бундай ҳимояни енгил автомобилга жойлаштириш унинг вазнини кескин оширган бўларди.
Бундан ташқари, реакторни бензин двигатели каби оддийгина ўчириб қўйишнинг имкони йўқ эди. Ядро реакцияси тўхтатилгандан кейин ҳам ёқилғи маълум вақт иссиқлик чиқаришда давом этади. Шу сабаб автомобиль тўхтаганидан, тирбандликка тушганидан ёки аварияга учраганидан кейин ҳам реакторни совитиш тизими ишлаши керак бўларди.
Яна бир муаммо йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ эди. Кучли тўқнашув реакторнинг ҳимоя қобиғига зарар етказиши ёки радиоактив материалларнинг сизиб чиқишига олиб келиши мумкин эди. Натижада оддий автомобиль аварияси радиацион хавф туғдирадиган ҳодисага айланиши эҳтимоли мавжуд эди.
Ҳар 8000 километрдан кейин алмаштирилиши керак бўлган ишлатилган Power Cell ҳам алоҳида муаммо бўлган. Бундай блокни оддий чиқинди сифатида сақлаш ёки ташиш мумкин эмас, бунинг учун махсус ҳимояланган инфратузилма талаб этиларди.
Шу сабаб Ford Nucleon концепцияси амалий автомобилга айлантирилмади. Бугунги кунгача сақланиб қолган макет эса ядро энергияси автомобилсозлик келажагини қандай ўзгартириши мумкинлиги ҳақидаги 1958 йилдаги тасаввурнинг намунаси бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!