Қозоғистон ҳукумати келгуси беш-олти йил ичида Шимолий Орол денгизидаги сув сатҳини 44 метргача кўтаришни режалаштирмоқда. Бунинг учун Сирдарё орқали ҳар йили камида 2 млрд куб метр сувни денгизга йўналтириш кўзда тутилган. Бу ҳақда «КазТАГ» хабар берди.
Режага кўра, Шимолий Орол денгизининг сув майдони 3,9 минг квадрат километрга, сув ҳажми эса 34 млрд куб метрга етказилади. Мазкур кўрсаткичлар Жаҳон банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Шимолий Оролни тиклашнинг навбатдаги босқичига киритилган. Лойиҳа Кўкорол тўғонини реконструкция қилиш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Ҳозир Шимолий Орол денгизидаги сув ҳажми 23,4 млрд куб метрни ташкил этади. 2022 йилда бу кўрсаткич 19 млрд, 2023 йилда 21 млрд, 2024 йилда 22 млрд, 2025 йил охирида эса 23 млрд куб метр бўлган.
Қозоғистон расмийлари сув ҳажмининг ошишини Оролни тиклаш бўйича 20 йилдан ортиқ давом этаётган ишлар билан изоҳламоқда. Шу даврда Шимолий Орол майдони 36 фоизга кенгайган, сув ҳажми деярли икки баравар ошган, минераллашув даражаси эса икки баравар камайган.
Сув ҳажмини барқарор сақлаш мақсадида Қозоғистон Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги Сирдарё орқали ҳар йили камида 2 млрд куб метр сувни Шимолий Оролга йўналтиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, Туркистон ва Қизилўрда вилоятларида ирригация тизимларини модернизация қилиш ва автоматлаштириш бўйича 160 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!