Тошкентда хотинини мунтазам калтаклаб келганликда гумонланаётган юнон-рум кураши мураббийи ва спорт устасига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизматига таяниб, “Немолчи.уз” лойиҳаси хабар берди.
Жабрланувчи аёлнинг айтишича, эри уни узоқ вақт давомида калтаклаб келган. Шунингдек, эркак оилани моддий жиҳатдан таъминламагани сабабли аёл икки нафар вояга етмаган фарзанди, жумладан, бир ёшли боласи билан яшаш харажатларини қоплаш учун мунтазам равишда кредит олишга мажбур бўлган.
Ҳолат жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлган. Ижтимоий тармоқлардаги постлар остидаги изоҳларда мураббийнинг дўстлари ва қариндошлари уни ҳимоя қилиб, бундай зўравонликка қодир эмаслигини билдирган.
“Немолчи.уз” маълумотига кўра, айрим шахслар жабрланувчига қўнғироқ қилиб, аризасини қайтариб олиши учун босим ўтказган. Лойиҳа вакиллари эса бу ҳолатни қоралаган.
Айни пайтда жабрланувчи аёлга ҳимоя ордери берилган. Шунингдек, унинг тан жароҳатлари юзасидан суд-тиббий экспертизаси ўтказилган.
Гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 3-қисми — оилавий (маиший) зўравонлик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда иш доирасида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!