Жазоир парламенти Нигерга ҳарбий хизматчилар юбориш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. Бу мамлакатнинг 1973 йилдан бери илк бор хорижда қўшин жойлаштириш режаси ҳисобланади. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозирча ҳарбийлар қачон ва Нигернинг қайси ҳудудига юборилиши, шунингдек, уларнинг сони ҳақида маълумот берилмаган.
Жазоир сенатори Белкасем Булгитининг таъкидлашича, ҳарбийлар мамлакатнинг Нигер ҳудудидаги иқтисодий ва стратегик манфаатларини, хусусан, нефть инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун юборилади. Унинг сўзларига кўра, миссия жанговар ҳаракатлар олиб боришга эмас, балки иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Жазоирнинг давлатга қарашли Sonatrach энергетика компанияси Нигер орқали Нигериядан Жазоирга табиий газ етказиб беришни кўзда тутувчи Транс-Саҳро газ қувури лойиҳасида иштирок этмоқда. Лойиҳа орқали Европа бозорларига газ экспорт қилиш режалаштирилган.
Айни пайтда Ғарбий Саҳел минтақасида, жумладан, Нигер, Мали ва Буркина-Фасода қуролли гуруҳлар ҳужумлари ҳамда ҳукумат кучлари билан тўқнашувлар хавфсизлик вазиятини мураккаблаштирмоқда. Минтақада “Ал-Қоида” ва “Ислом давлати” террорчилик ташкилотлари билан боғлиқ гуруҳлар ҳам фаолият юритади.
Сўнгги вақтларда Жазоир ва Нигер ўртасидаги муносабатлар яхшилана бошлагани қайд этилмоқда. Аввалроқ икки давлат ўртасида дипломатик келишмовчиликлар юзага келган, ўтган йили эса Саҳел давлатлари Жазоир билан боғлиқ можаро ортидан элчиларини чақириб олган эди.
Ҳозирча Жазоир ҳарбийларини Нигерга жойлаштиришнинг аниқ муддати ва кўлами очиқланмаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!