Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президенти Дональд Трампнинг Россия президенти Владимир Путинни “дўстим” деб аташига муносабат билдирди. У бу ҳолатни ғалати деб баҳолаб, Путинни тажовузкор ва қотил деб атади.
Зеленский бу ҳақда BBC мухбири Сара Раинсфордга берган интервьюсида маълум қилди. Суҳбатда Украина президенти Россиянинг давом этаётган ҳужумлари, АҚШнинг ҳарбий ёрдами ва тинчлик музокаралари истиқболлари ҳақида ҳам фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, Трампнинг Путин билан дўстона муносабатини намойиш этиши тушунарсиз. Украина раҳбари бу ҳолатни Иккинчи жаҳон уруши даврида Адолф Гитлерни дўст деб аташ билан қиёслади.
“АҚШ президенти бу борада қандай йўл тутиши ўз ихтиёрида, бироқ унинг Путин билан бундай муносабатда бўлиши менга ғалати туюлади. У тажовузкор ва қотил. Бундай инсон дўст бўла олмайди”, — деди Зеленский.
Интервьюда Украина раҳбари АҚШ томонидан ҳарбий ёрдам етказиб беришдаги кечикишлардан ҳам норозилигини билдирди. Хусусан, баллистик ракеталарга қарши мудофаа тизимлари учун зарур ракеталар таъминотидаги муаммолар Украина мудофаасига жиддий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
Зеленский Вашингтон Россияга тинчлик музокараларида етарлича босим ўтказмаётганини ҳам қайд этди. Унинг фикрича, музокараларда воситачилик қилаётган давлатлар тажовузкор томонга нисбатан аниқ ва қатъий позицияни намоён этиши лозим.
Украина президенти музокаралар декабрь ойида қайта бошланиши кутилаётганини маълум қилиб, Россияга таъсир ўтказа оладиган ишончли иттифоқчилар зарурлигини билдирди.
“Бизга Россияга босим ўтказа оладиган ҳақиқий ва ишончли иттифоқчилар керак”, — деди у.
Зеленский, шунингдек, тажовузкорга нисбатан ҳаддан ташқари бетараф позицияни сақлаш жабрланувчи ва тажовузкорни бирдек қўллаб-қувватлашга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!