Ўзбекистон миллий жамоаси Конго ДРга қарши баҳс олдидан Атланта шаҳридаги Мерcедес-Бенз Стадиумда ташкил этилган матбуот анжуманида қатнашди. Унда бош мураббий Фабио Каннаваро ҳамда жамоа сардори Элдор Шомуродов иштирок этди. 🇮🇹 Каннаваро рақибни тажрибали, лекин шунга қарамай, Ўзбекистон майдонга фақат ғалаба учун тушишини таъкидлади.
"Конго ДР яхши шаклланган ва тажрибали жамоа. Биз эса бу баҳсда ғалаба қозониш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Илк икки турда энг кучли рақибларга қарши ўйнадик ва бу учрашувлардан муҳим хулосалар чиқардик. Энди эса ўз имкониятларимизни кўрсатиш вақти келди", — деди италиялик мутахассис.
"Бизда юқори савиядаги уч нафар дарвозабон бор. Биринчи ўйинда Ўткир Юсупов яхши ҳаракат қилди, аммо бошқа посбонларимиз ҳам имкониятга лойиқ. Бу турнирда ҳар бир футболчининг тажриба орттириши муҳим", — деди Каннаваро.
"Футболчилар майдонга эркин чиқишлари керак. Биз ўйин сифати устида ишлаяпмиз ва эртага ҳам жамоа сифатида ўсиш учун муҳим имкониятга эга бўламиз", — дея қўшимча қилди у.
🇺🇿 Жамоа сардори Элдор Шомуродов ҳам баҳсда асосий мақсад илк ғалабани қўлга киритиш эканини таъкидлади.
"Биз мухлисларимизни хурсанд қилишни истаймиз. Илк голимизни урдик, энди эса биринчи ғалабага эришиш вақти келди. Ҳужум қилиш билан бирга, ҳимояда ҳам интизомни сақлашимиз лозим. Энг муҳими — тартибли ўйин кўрсатиб, ижобий натижага эришиш", — деди ҳужумчи.
Шомуродов, шунингдек, АҚШдаги ва Ўзбекистондаги мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши жамоага катта куч бағишлаётганини таъкидлаб, уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилишларини билдирди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон — Конго ДР учрашуви 28-июнь куни Тошкент вақти билан соат 04:30да бошланади. Икки турдан сўнг, Конго ДР ҳисобида 1 очко мавжуд бўлса, Ўзбекистон миллий жамоаси ҳали очко жамғармаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!