Ўзбекистонда аҳолининг банклар ва бошқа молиявий ташкилотлар олдидаги қарздорлиги кескин ошмоқда. Жорий йилнинг 1-февраль ҳолатига 9,3 миллион нафар қарз олувчининг жами кредит қарздорлиги 610 триллион сўмни ташкил этган. Марказий банк эса кредитлар ҳажмининг ўсишидан кўра, аҳолининг мавжуд қарзларини қайтариш имкониятидан кўпроқ хавотирда.
Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида маълум қилди.
Аҳоли қарзи олти йилда беш баробардан кўпроқ ошган
Сенатор Ҳусан Эрматовнинг таъкидлашича, Марказий банк маълумотларига кўра, сўнгги бир йил ичида аҳолининг кредитлари 21,2 фоизга ошган. Олти йил давомида эса аҳоли қарзи беш баробардан кўпроққа кўпайган.
Марказий банк вакили кредитлаш ҳажмининг бундай тез ўсишига аввалги йилларда жисмоний шахсларнинг банк кредитларидан фойдаланиш имконияти чеклангани ва бозорда қондирилмаган талаб мавжуд бўлгани ҳам таъсир қилганини қайд этди.
Бироқ регулятор учун асосий масала кредитларнинг кўпайиши эмас.
“Бизнинг асосий хавотиримиз рақамларнинг ўсишида эмас, балки қарз юкининг ошишида. Яъни аҳоли ўз зиммасидаги қарзларга қанчалик хизмат кўрсата олади — мана шу масала бизни кўпроқ хавотирга солади”, — деди Санжар Носиров.
Кредит тўловлари даромаднинг ярмидан ошмаслиги керак
Аҳолининг қарз юкини чеклаш мақсадида Марказий банк бир қатор меъёрларни жорий қилган.
Хусусан, қарзга хизмат кўрсатиш кўрсаткичи бўйича фуқаронинг ойлик даромадининг 50 фоизидан кўпи кредит тўловларига сарфланмаслиги керак.
Бундан ташқари, жорий йил бошидан қарзнинг даромадга нисбати бўйича ҳам чеклов амал қилмоқда. Унга кўра, расмий даромадга эга фуқаро даромадининг саккиз бараваридан, норасмий даромадга эга фуқаро эса беш бараваридан ортиқ кредит олиши мумкин эмас.
610 трлн сўмлик қарзнинг 93 фоизи банк кредитларига тўғри келади
Сенатор Рустам Холмуродов Марказий банкнинг молиявий барқарорликка оид маълумотларига таяниб, аҳолининг қарз мажбуриятларининг 93 фоизи банк кредитларига тўғри келишини маълум қилди.
1-февраль ҳолатига 9,3 миллион нафар қарз олувчининг жами 610 триллион сўмлик кредит қарздорлиги мавжуд бўлган. Шундан 376 мингта кредит шартномаси бўйича 19 миллиард сўмлик қарздорлик муаммоли кредитлар тоифасига ўтган.
Шу билан бирга, аҳолининг қарз юкининг ялпи ички маҳсулотга нисбати аввалги 18–19 фоиздан 17 фоизгача тушган. Марказий банк вакилининг айтишича, 2025-йилда ҳам ушбу кўрсаткичда бироз пасайиш кузатилган.
Аҳолининг 61 фоизи қарз тўлашда қийинчиликка дуч келмоқда
Марказий банк томонидан 2025-йил июль ойида ўтказилган сўровнома аҳолининг қарз билан боғлиқ ҳолати юзасидан яна бир муҳим кўрсаткични кўрсатган.
Сўровда қатнашганларнинг 73 фоизи банк ёки нобанк молиявий ташкилотлар олдида қарзи борлигини билдирган. 61 фоиз респондент эса қарз мажбуриятларини ўз вақтида бажаришда муайян қийинчиликларга дуч келаётганини айтган.
Бу кўрсаткичлар Марказий банкнинг нима сабабдан аҳоли қарзининг ўсишига эҳтиёткорлик билан қараётганини кўрсатади.
Кредит рекламасига огоҳлантириш киритилиши мумкин
Сенатор Ҳусан Эрматов кредит ва микроқарзлар рекламасида молиявий хавфлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш бериш таклифининг таъсири ҳақида ҳам сўраган.
Санжар Носировнинг фикрича, бундай талаб қарз юкини бевосита камайтирмаслиги мумкин, бироқ аҳолининг молиявий хабардорлигини оширишга ёрдам беради.
“Бу бевосита қарз юкини тўхтатишга хизмат қилмаса ҳам, одамларнинг онгли равишда хабардорлигини оширади. Реклама орқали чалғитишнинг олдини олиш ва фуқароларни онгли қарор қабул қилишга ундаш мумкин”, — деди у.
Марказий банк вакилига кўра, бундай огоҳлантиришлар фуқароларга кредитнинг нафақат қулай, балки салбий жиҳатларини ҳам кўрсатишга хизмат қилади. Бу эса аҳоли ва банкларда масъулиятли кредитлаш маданиятини шакллантиришга ёрдам бериши мумкин.
Марказий банк хорижий тажрибани ҳам ўрганмоқда
Носировнинг айтишича, бу борада Европа Иттифоқи ва Буюк Британия тажрибаси ҳам ўрганилган.
Унинг таъкидлашича, мазкур ҳудудларда молиявий хавфлар ҳақида огоҳлантириш каби чоралар жорий этилгач, кредит бозори фаоллиги кескин пасаймаган, бироқ қарзга хизмат кўрсатиш сифати яхшиланган ва муддати ўтган қарздорлик камайган.
Умуман олганда, Ўзбекистонда аҳоли кредитларининг тез ўсиши иқтисодиётда молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайганини ҳам англатади. Аммо қарзларнинг даромадларга нисбатан тезроқ ўсиши фуқароларнинг тўлов қобилиятига босимни кучайтириши мумкин.
Шу сабабли Марказий банк кредит ҳажмини шунчаки қисқартиришдан кўра, аҳолининг қарз юкини назорат қилиш, масъулиятли кредитлашни кучайтириш ва фуқароларнинг молиявий саводхонлигини оширишга эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!