Суриядаги террористик ташкилотлар тарғиботига берилиб, уларнинг фаолиятини молиялаштирган ҳамда жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Сурияга боришга уринган 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
1995-йилда Қашқадарё вилоятида туғилган фуқаро 2017-йилда Жанубий Кореядаги нуфузли университетлардан бирига ўқишга кирган. Хорижда таҳсил олаётган вақтида у ижтимоий тармоқлар орқали “жиҳод”, “ҳижрат” ва “шаҳидлик”ни тарғиб қилувчи аудио ва видеоларни кўрган.
Суриядаги қуролли тўқнашувлар акс этган материаллар таъсирида у ақидапарастлик ғояларига берилган. Кейинчалик Инстаграм ва Телеграм орқали Сурияда фаолият юритган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ҳамда “Ғуроба катибаси” каби террористик ташкилотларга алоқадор шахслар билан мулоқот қилган ва уларга оид материалларни тарқатган.
Университетни тамомлагач ҳам Жанубий Кореяда қолган фуқаро “Ғуроба катибаси” террористик ташкилотининг медиа блогери “Саад Мухтор”нинг интернет орқали қилган алдовларига ишонган ва унга пул юборган.
2023-йил декабрь ойида Ўзбекистонга қайтган. 2024-йил июлида эса Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Туркияга борган. Бироқ режаси амалга ошмаган ва у Ўзбекистонга қайтган.
Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро қўлга олинган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Суд уни Жиноят кодексининг жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш, тақиқланган диний-экстремистик ташкилотларда иштирок этиш, террорчилик фаолияти мақсадида ўқувдан ўтиш ёки ҳаракатланиш ҳамда терроризмни молиялаштиришга оид моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида яшовчи тўрт нафар фуқаро ҳам Россияда террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилиш, тақиқланган материалларни тарқатиш ва террорчилик фаолиятига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилган. Уларнинг ҳар бири 8 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!