Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Африка қитъасидаги Руанда давлатида Марбург геморрагик иситмаси қайд этилганлигини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 28 сентябрь ҳолатига Руанданинг 30 та округининг еттитасида, жами 26 та тасдиқланган ҳолат рўйхатга олинган ва шундан 6 та ҳолатда ўлим қайд этилган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан бир қаторда Ўзбекистонда ҳам бу борада назорат кучайтирилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Марбург вируси иситмасини олдини олиш ва унинг эҳтиёт чораларини кучайтириш мақсадида дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасида ҳам давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида фаолият юритаётган санитария назорат пунктларининг (СНП) ҳушёрлиги оширилган.
Марбург иситмаси билан касалланишни олдини олиш мақсадида:
– Геморрагик иситма касаллигига гумон қилинган беморларни ўз вақтида аниқлаб, изоляторларга алоҳидалаш;
– гумон қилинган беморлар билан мулоқотда бўлган тиббиёт ходимлари томонидан стандарт эҳтиёт чораларини кўриш, қўшимча равишда инфекцияни юқтиришини олдини олишга қаратилган шахсий ҳимоя воситаларидан тўлиқ фойдаланиш;
– гумон қилинган беморларнинг қонига тегмаслик, бемор ажратган тана суюқликлари, шунингдек, улар билан ифлосланган юзалар билан мулоқотда бўлмаслик;
– касалликнинг этиологияси, клиникаси, лаборатор ташхисоти ва касалликни олдини олиш ва профилактикаси бўйича тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш;
– касалликни назорат қилишда хавфсиз инъекция усулларини қўллаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, қайта ишлатилаётган тиббий асбобларни зарарсизлантириш ва чиқиндиларини хавфсиз йўқ қилиш;
– инфекция бўйича аҳолини хабардорлигини ошириш мақсадида аҳоли орасида тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга ошириш каби чоралари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Шу ўринда қўмита фуқароларга жиддий хавотирга ўрин йўқлигини ҳам эслатиб ўтган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!