Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирокида Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлигини ҳамда криминоген вазиятни барқарорлигини таъминлаш масалаларига оид тезкор йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизмат раҳбарлари, вилоят сектор мутасаддилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг масъул ходимлари иштирок этдилар.
Йиғилишда, Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, ҳудудларда жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликни олдини олишда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш ташкил этиш борасидаги топшириқлари, ички ишлар органлари фаолиятининг ҳисобот давридаги кўрсатгичи ҳамда келгусида тизим фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир жараёнида Бухоро вилоятида оила-турмуш муносабатлари доирасида, шунингдек, ёшлар, аёллар томонидан ҳамда ишсизлик оқибатида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш ҳамда бу борада маҳаллаларда шакллантирилган еттиликнинг ҳамкорлик масалалари танқид қилинди, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир маҳаллаларда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари томонидан фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш вазифаларга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги тушунтирилди.
Шунингдек, йиғилишда Бухоро вилоятида жорий йилнинг ҳисобот даврида жиноятчиликка қарши кураш масалалари, жамоат хавфсизлиги консепсиясида белгиланган вазифаларнинг ижроси, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар танқидий кўриб чиқилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига подполковник Турсунов Икромжон Нормуродович тайинланди.
Тадбирда кўтарилган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар бўйича соҳа мутасаддиларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, янги тайинланган вилоят ИИБ раҳбарига тегишли топшириқлар берилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!