Мерей Омонбоевага суд ҳукми ўқилди. У Навоий шаҳар ҳокими номидан фойдаланган ҳолда тадбиркорнинг кўп миқдордаги пулини қўлга киритган.
Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоева жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбли деб топилди. Суд ҳукмига кўра, у Навоий шаҳар ҳокими номидан фойдаланиб, тадбиркорнинг кўп миқдордаги пулини қўлга киритган ҳамда ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган.
Хусусан, “Бригҳт industry buildings the future” МЧЖ раҳбари М.Раҳматовни Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашевга қарз беришга кўндирган ҳамда пулни ўзи етказиши кераклигини айтиб ундан катта миқдордаги пулни олган. Тадбиркордан ҳокимга қарз сифатида бериш учун 2023 йил 1 октябрдан 18 ноябрга қадар 56 млн сўм ва 23 минг АҚШ доллари, жами 338 млн сўм миқдоридаги пулни қўлга киритган.
Суд ҳукми билан Мерей Омонбоева Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.
Суд Мерей Омонбоева аёл киши экани, муқаддам судланмаганлиги, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланаётганлиги, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони ҳамда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлангани, етказилган зарар қопланганини ҳисобга олиб, Жиноят кодексининг 70-моддасига (Шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш) асосан жазодан озод қилишни лозим деб топган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!