Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказига келиб, бошланғич синфлар учун ишлаб чиқилган янги авлод дарсликлари тақдимоти билан танишмоқда.
Қайд этилишича, ўқув-методик комплексларни ишлаб чиқишда PISA, PIRLS, TIMSS, EGMA, EGRA каби халқаро дастурлар томонидан ўқувчиларнинг муваффақиятларини баҳолашда қўлланиладиган намунавий топшириқлар ўрганиб чиқилган ва асос қилиб олинган.
ЎМК фаол ўқув жараёни учун тўлиқ материаллар тўплами: дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчилар учун услубий қўлланмаларни ўз ичига олади.
Шунингдек, Estudy электрон таълим платформаси ҳам ушбу тизимга уйғун тарзда қиритилган. У математика, табиатшунослик, информатика каби фанлар бўйича ўқув курсларни ҳамда эгалланган билимларни мустаҳкамлаш учун 300 дан зиёд онгни оширадиган ўйинли вазифаларни ўз ичига олади.
Ўқув-методик комплекслар Android, iOS платформалари ва “Математика” ва “Алифбо” мобил иловалари учун ўзбек ва рус тилларида онгни ўстирадиган ўйинлар тўпламига эга интерфаол ўқув дастурини ҳам ўз ичига олади.
Эътиборлиси, 1-3 синфлар учун тақдим этилган дарсликларнинг бир қисми, хусусан, тасвирий санъат, ўзбек тили ва мусиқий саводхонлик бўйича китоблар кенгайтирилган реаллик технологияларидан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқилган.
Бу ўқувчиларни фанга янада кўпроқ қизиқтириш ҳамда бугунги ўсмирлар ҳаётида муҳим бўлган гаджетларни фойдали воситага айлантириш мақсадида ишлаб чиқилди. Кенгайтирилган реаллик иловаси 1 марта юклаб олинади ва офлайн режимида ишлайди.
Ушбу дарсликларда нафақат фанлар, балки 21-асрда зарур бўлган ҳаётий кўникмалар ҳам ўргатилади.
Давлат раҳбари Халқаро конгресс марказида таълим сифатини ошириш ва янги авлод дарсликларини жорий этишга бағишланган кўргазма-тақдимот билан танишиб, соҳадаги ислоҳотлар ҳақида мурожаат қилади. Мактаб ўқитувчилари билан норасмий муҳитда мулоқот қилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!