РБК хабар беришича, жорий йилнинг 22-24 октябрь кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида БРИКС бирлашмаси давлатларининг 16-саммити бўлиб ўтди. Россия мазкур саммитни ташкил этиш билан боғлиқ харажатларга 25 миллиард рубль сарфлаган.
Қайд этилишича, саммитда 30 га яқин мамлакат вакиллари қатнашган. Шамил Ғафаровга кўра, саммит учун иншоотлар ва инфратузилмани тайёрлашга федерал ҳамда республика бюджетидан қарийб 25 миллиард рубль (206 млн 898 минг доллар) ажратилган. Лекин бу тўлиқ рақам эмас. Чунки, маблағлар хусусий инвесторлар томонидан ҳам жалб қилинган.
Қозон аэропортида олти ой ичида янги перрон қурилган. Ишлар жорий йил апрель ойида бошланган ва 15 октябрга келиб объект фойдаланишга топширилган. Ушбу лойиҳа 7,7 миллиард рублга (79 млн 655 минг доллар) тушган.
Саммитга тайёргарлик кўриш мақсадида 22 та меҳмонхонада қурилиш, таъмирлаш ва пардозлаш ишлари амалга оширилган. Хусусан, 14 та меҳмонхонада “люкс” ва “президент” тоифасидаги хоналар жиҳозланган.
Саммит Қозонга 42 та делегациядан 5255 нафар иштирокчини тўплаган. Юқори мартабали меҳмонлар келиши муносабати билан ҳар бири тахминан икки килограмм бўлган 55 лаган чак-чак тайёрланган. Уч кун давомида саммит учун жами 300 килограмм ушбу таом тайёрланган.
“Мисс Татарстан” жамоат ташкилоти раҳбари Изолда Сахаровага кўра, делегацияларни аэропортда 55 нафар модель кутиб олган. Саммит учун жами 150 нафар қиз жалб қилинган. Аэропортда доимий равишда уч нафар моделдан иборат беш гуруҳ навбатчилик қилган, вақти-вақти билан гуруҳ таркиби ўзгариб турган.
Кутиб олувчилар орасида эркак моделлар ҳам ишлаган. Улар жами 20 га яқин киши бўлган. Саммитнинг биринчи рақамли шахсларини кутиб олиш учун фахрий қоровул Қозон қизил байроқли танк билим юрти курсантларидан ташкил этилган.
Шунингдек, делегациялар аэропортдан яшаш жойларига етиб боргунча ҳаракатланган йўлларда ёритиш тизими янгиланган, жамоат транспорти бекатлари ва тураржой бинолари фасадлари таъмирланган, йўл қопламаси тикланган, ерусти ва ерости пиёдалар ўтиш жойлари қурилган ва янгиланган.
Бундан ташқари, янги “Элмай” болалар боғи яратилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!