Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида, Бекобод шаҳрида жойлашган “Фарҳод” чегара божхона пости орқали валюта қимматликларини Тожикистон Республикасига ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Жумладан, Бекобод шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган шахс 18 680 300 Россия рубли, 140 700 тожик сомони ва 180 000 000 ўзбек сўмини қўшни давлатга ноқонуний олиб чиқиш мақсадида, уларни қисмларга ажратган ҳолда, ташмачи вазифасини бажарувчи 34 нафар фуқарога бўлиб беради.
Ўз навбатида, мазкур фуқаролар моддий манфаатдорлик эвазига ушбу пул маблағларини Тожикистонга ўтказиб бериш учун “Фарҳод” чегара божхона постига кириб келган вақтларида тўхтатиб қолиниб, ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Шунингдек, тезкор тадбир вақтида чегара божхона пости яқинида бўлган бекободлик шахснинг Tracker русумли автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, унда ҳам Тожикистон Республикасига олиб ўтишга мўлжаллаб, ўрамларга ажратиб қўйилган, жами 13 538 305 Россия рубли, 24 107 тожик сомони, 885 евро, 300 АҚШ доллари, 300 хитой юани, 6840 қирғиз соми ҳамда 10 207 000 ўзбек сўми борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Тезкор тадбир давомида олинган пул маблағларининг миллий валютадаги умумий қиймати 5 млрд 200 млн сўмдан ортиқни ташкил этади.
Ҳозирда бекободлик фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
“Тергов ҳаракатлари давомида валюта қимматликларининг ҳақиқий эгаларини аниқлаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда”, – дейилади хабарда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!