АҚШда машҳур ижодкорларнинг янги албомлари тақдим этилган кунларда ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисалари сони сезиларли даражада ошгани аниқланган. Олимлар бу ҳолатни ҳайдовчиларнинг янги мусиқаларни излаш ёки тинглаш жараёнида смартфон ва автомобил мултимедиа тизимларидан фойдаланиб, эътиборини йўлдан чалғитиши билан боғламоқда.
Тадқиқотчилар 2017–2022-йилларда чиқарилган ва илк кунидаёқ энг кўп тингланган 10 та албомни таҳлил қилган. Улар орасида Тейлор Свифтнинг “Миднигҳтс”, Дрейкнинг “Сcорпион” ва Гарри Стайлснинг “Ҳаррйъс Ҳоусе” албомлари ҳам бор.
Таҳлил натижаларига кўра, ушбу албомлар чиқарилган кунларда АҚШдаги энг кўп тингланган 200 та қўшиқнинг стриминг ҳажми одатдаги кунларга нисбатан 43 фоизга ошган. Шу кунларда йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганлар сони ҳам 15,1 фоизга кўпайган.
Олимлар АҚШда 2017–2022-йиллар оралиғида қайд этилган 233 809 та ўлим билан якунланган ЙТҲ маълумотларини ўрганган. Албомлар тақдим этилган кунларда ўртача 139,1 та ўлим қайд этилган бўлса, атрофдаги кунларда бу кўрсаткич 120,9 тани ташкил қилган. Натижада 10 та албомнинг чиқарилиш кунлари бўйича жами 182 та қўшимча ўлим ҳисобланган.
Мутахассисларнинг фикрича, янги албомни топиш оддийгина мусиқа тинглашдан кўра кўпроқ ҳаракатни талаб қилади. Ҳайдовчи телефонни қулфдан чиқариши, мусиқа иловасини очиши, керакли албомни излаши ва қўшиқни танлаши мумкин. Бундай жараён эса бир неча сония давомида унинг кўзини ва эътиборини йўлдан чалғитади.
Ўлимли ЙТҲлардаги ўсиш айниқса ёш ва эркак ҳайдовчилар, шунингдек, ёлғиз ҳаракатланаётган ҳамда автомобилида ўрнатилган мултимедиа тизимидан фойдаланаётган ҳайдовчилар орасида юқорироқ кузатилган.
Бироқ тадқиқотчилар албомларнинг чиқарилиши ёки мусиқа тинглаш ЙТҲларга бевосита сабаб бўлганини таъкидламаган. Тадқиқотда ҳалокат содир бўлган вақтда ҳайдовчи смартфондан фойдаланган-фойдаланмагани аниқланмаган. Шу сабабли олимлар натижаларни статистик боғлиқлик сифатида баҳоламоқда.
Тадқиқот муаллифлари ҳайдовчиларга йўлга чиқишдан олдин мусиқа ёки албомни танлаб қўйиш, ҳаракат вақтида эса телефонни ишлатмасликни тавсия қилган. Агар автомобилда йўловчи бўлса, мусиқа бошқарувини унга топшириш ҳам хавфни камайтириши мумкин.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!