Ёз фасли дам олиш ва саёҳатлар учун қулай пайт ҳисобланади. Таътилдаги ҳордиқ қанчалик мароқли бўлса ундан кейинги иш фаолиайти ҳам ажойиб кайфиятда бошланади. Дунё кезишни хуш кўрувчи инсонлар учун 2022 йилда сайёҳларни ўзига жалб этаётган шаҳарлар ҳақидаги қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.
5. Крит, Греция
Крит ороли ҳақида фақатгина ижобий фикрлар билдириш мумкин. Ушбу оролда бетакрор соҳил, қадимий харобалар жойлашган. Крит бой тарихга эга орол. Бу ерда кўплаб музей мажмуалари ва бошқа турдаги диққатга сазовор жойлар мавжуд бўлиб, Агиос Николаос археология музейи, Олус шаҳри, Кноссос саройи, Минотавр лабиринтлари, Зевс ғори ана шулар жумласидандир.
4. Бали, Индонезия
Индонезияда ўн етти мингдан ортиқ ороллар мавжуд. Бали улар орасидаги энг қадимий ва машҳури ҳисобланади. Мафтункор Убуд қишлоғи оролнинг сайёҳлик марказларидан бири саналади. Агар ёзги таътилни Балида ўтказмоқчи бўлсангиз, Батур вулқони, Танаг Лот ибодатхонаси, Тиртагангга сув саройи, Гит-Гит шаршараси, маймунлар ўрмони, Гоа Гажа ғорлари (фил ғорлари), Пура Улун Дану ибодатхонасига ҳам ташриф буюришни унутманг. Бали Индонезиянинг бошқа ороллари каби ўзининг ноёб маҳсулотлари: ёғоч буюмлар, судралиб юрувчилар териси, санъат асарлари, тақинчоқлари, қаҳва, зираворлари билан машҳур.
3. Канкун, Мексика
Сайёҳлар Канкунга оппоқ қумли пляжлар, жозибали Кариб денгизини томоша қилиш учун ташриф буюрадилар. Шаҳар ўтган асрнинг 70-йилларида сайёҳлар учун махсус қурилган. Канкун марказида барча турдаги хизмат кўрсатиш масканлари - банклар, касалхоналар, темир йўл стансияси, арзон озиқ-овқат дўконлари мавжуд. Бундан ташқари, шаҳарнинг иккинчи ярмида, ҳашаматли меҳмонхоналар, клублар ва ресторанлар ҳам етарлича.
Дам олиш масканларининг аксарияти АҚШ ва Канададан келган сайёҳларнинг турмуш тарзига мослаштирилган. Шу сабабли бу ерда хизмат кўрсатиш жуда қиммат. Канкун йилнинг ҳар қандай фаслида ҳам дам олиш учун қулай, шунинг учун ушбу шаҳарга саёҳатни исталган вақтга режалаштириш мумкин.
2. Лондон, Буюк Британия
Буюк Британия пойтахти ўзининг диққатга сазовор жойлари ва кўп асрлик тарихи билан бутун дунё сайёҳларини жалб қилиб келади. Ҳар бир сайёҳ Лондоннинг икки қаватли автобуслари, телефон қутилари, шляпа кийган қўриқчилар ва Биг Бенни ўз кўзлари билан кўришни хоҳлайди.
Умуман олганда, мактабдаги инглиз тили дарсларида муҳокама қилинган барча нарсаларни ҳис қилиш учун Лондонга боришингиз керак. Дунёнинг энг ғайриоддий шаҳарларидан бири бўлган Лондонга қилган саёҳатингиз ўзини оқлаши ва бутун умр ёдингизда қолиши аниқ.
1. Дубай, Бирлашган Араб Амирликлари
Дунёнинг энг баланд бино – Бурж Халифа БААнинг Дубай шаҳрида жойлашган. Осмонўпар бинонинг баландлиги 828 метрни ташкил қилади, у 163 қаватдан иборат.
Бундан ташқари, шаҳарда яна кўплаб диққатга сазовор жойлар мавжуд. Қадимий Ал-Фаҳиди қалъаси, Жумеираҳ масжиди, "Болливуд боғлари" кино парки, “The View at the Palm” томоша майдони, "Дунё" ва "Коинот" сунъий ороллари сайёҳларнинг севимли масканлари ҳисобланади. Дунёдаги энг катта аквариум ҳам айнан Дубай шаҳрида жойлашган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!