Исломободда АҚШ ва Эрон ўртасида 21 соат давом этган музокаралар келишувсиз якунланди. Жей Ди Венс бошчилигидаги АҚШ делегацияси учрашувдан сўнг Покистонни тарк этди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Томонлар ўртасидаги асосий келишмовчилик Эроннинг ядро дастури билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. АҚШТеҳрондан ядро қуроли ишлаб чиқармаслик бўйича аниқ мажбурият олишга ҳаракат қилган, бироқ Эрон бу талабларни қабул қилмаган.
Музокаралар якунида журналистларга изоҳ берган Венс, келишувга эришилмаганини тасдиқлаб, бу ҳолат, унинг фикрича, кўпроқ Эрон манфаатларига зид эканини таъкидлади. Шунингдек, у АҚШ ўз “қизил чизиқлари”ни аниқ белгилаб олганини қўшимча қилди.
Эроннинг Tasnim агентлиги эса, аксинча, музокараларнинг муваффақиятсиз якунланишига АҚШнинг “ҳаддан ташқари талаблари” сабаб бўлганини билдирди. Шу билан бирга, Эрон томони музокаралар тўлиқ тўхтатилмаганини, техник даражада мулоқотлар давом этишини маълум қилган.
Мазкур учрашув сўнгги ўн йилликларда икки давлат ўртасидаги энг юқори даражадаги тўғридан-тўғри музокаралардан бири бўлди. Хусусан, бу 1979 йилдаги Эрон Ислом инқилоби дан буён кузатилган кам сонли юқори даражадаги учрашувлар қаторига киради.
Музокаралар фонида Ҳормуз бўғози масаласи ҳам долзарблигича қолмоқда. Ушбу ҳудуд глобал энергия таъминотида муҳим ўрин тутади ва томонлар ўртасидаги асосий баҳсли нуқталардан бири ҳисобланади.
Кузатувчиларга кўра, музокараларнинг натижасиз якунланиши минтақадаги кескинликни кучайтириши ва ўт очишни тўхтатиш бўйича мўрт келишувга хавф туғдириши мумкин.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!