$
12844.21 UZS
-11.72
127.35 UZS
-0.81
13508.26 UZS
-62.46
15° Кечаси

Биринчи ўзбек адвокати. Убайдуллахўжа Асадуллахўжанинг аянчли қисмати

15:31 / 26.04.2022

ХХ асрнинг 30–40 – йилларида Совет ҳукумати томонидан Марказий Осиё республикалари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон)даги ақл эгаларига нисбатан қатағонлик сиёсатини олиб борилди. 1937 йил 30 июлдан бошлаб, 1938 йил ноябрига қадар давом этган қизил террор мобайнида жами 1,5 миллион киши қамоққа олинди, шундан 700 минги отиб ташланди.

Қатағоннинг қонли сиртмоғи жамият аъзоларининг барча вакилларини ўз домига тортди.  Ўзбекистонда 1937 йил 10 августидан 1938 йил 1 январь кунигача 10700 нафар инсон ҳибсга олинди. Булардан 3613 нафари ўша йилнинг ўзида жисмонан йўқ қилинди. Қолганлар эса узоқ муддатга совуқ ўлкаларга сургун қилинди.

Мана шундай аянчли қисмат эгаларидан бири ўзбек жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракатининг биринчи йирик намоёндаси, Туркистон Мухториятининг ҳукумат вазири бўлиб фаолият кўрсатган Убайдулла Хўжаев ҳисобланади. 

Бугунги мақоламизда биринчи ўзбек адвокати Убайдулла Хўжаевнинг аянчли қисмати ҳақида сўз юритамиз.

Болалик 

Убайдулла Хўжаев 1878 йил 12 декабрь куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур даҳаси Мерганча маҳалласида туғилган.Унинг отаси Асадуллахўжа Абдураҳмонхўжа  боғбончилик ва кичик дўкон ортидан оила тебратган. 

Замоннинг зайлини кўрган Асадуллахўжа боғбон миллий мактабда учала ўғлининг хат-саводини чиқаргач, уларни рус-тузем мактабига топширди. Асадуллахўжанинг учала ўғли рус-тузем мактабини аъло баҳога тамомлаб, етук таржимон бўлиб етишди. Унинг ўртанча ва кенжа ўғли ҳукумат идораларида таржимонлик қилди. Убайдулла Хўжаев 1904 йилда рус-тузем мактабини битиргач, Тошкент шаҳар 1-участкасининг Мировой судьяси Оранский қўл остида ишлади.
 
Убайдулла Хўжаев Тошкент округ судида ишлаб, кўп таниш орттирди. Маълумотларга кўра, унга маҳаллий адвокат эътибор бериб, Россияга иш юритувчи сифатида олиб кетган. Бошқа маълумотларга қараганда, Убайдулла Хўжаев Мировой судья Оранский ёрдамида тажриба орттиради ва ўша судья билан Саратовга кетади.

Хўжаев 1908–1912 – йилларда Россиянинг Саратов шаҳридаги юридик институтида таҳсил олди. Убайдулла Хўжаев талабалик йилларидаёқ ўша давр муаммолари ҳақида ўйлай бошлади. У рус ёзувчиси Лев Толстой билан ёзишмалар олиб борган. Саратов шаҳрида ўқиган кезлари Толстой ижоди билан чуқурроқ танишди. Асадуллахўжаев 1909 йилда Толстойнинг «ёвузликка ёвузлик билан жавоб бермаслик» ҳақидаги ақидасига мухолиф ўлароқ рус адибига ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб юборади.

“Қадрли Лев Николаевич!

Мен сира ҳам Сизнинг азият чекишингизни истмас эдим, ҳарҳолда, мен мазкур мактубим билан ўзим учун шубҳали бўлган бир масала – "ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик" сабабини тушунтириб беришингизни сўрашга журъат этдим.

"Ёвузликка ёвузлик билан қаршилик кўрсатма» деган ақиданинг шубҳасиз тўғрилигига қўшилган ҳолда комил ишонч билан мен қуйида келтираётган ҳодисада нима қилиш кераклигини билмайман. "Ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик" ақидасининг ҳаққонийлигига шу боис ишонаманки, у фақатгина "Инжил" орқали олган диний истакларимга эмас, балки менинг ҳақиқий заковатимга жавоб беради. Зеро, мен Муҳаммад алайҳиссаломнинг динига эътиқод қиламан.

Менинг тушунишимча, «ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик» ақидаси негизида қуйидаги ҳақиқат ётибди: агар биров қандайдир ёвузлик қилган бўлса, у яна бир ёвузликни амалга оширди, бордию, мен қаршилик кўрсата бошласам ёки амалга оширилган ёвузлик учун қасос олсам, у ҳолда аввалги бир ёвузлик устига икки ёвузлик бўлади, бинобарин, менинг қаршилик кўрсатишим оқибатида бир ёвузлик икки баробар кўпаяди ва ҳоказо. Агар мен қаршилик кўрсатмаганимда, бир ёвузлик битталигача қолар эди, иккита бўлмас эди, яъни ёвузлик камаяр эди. Шундай қилиб, барчаси қайси усул билан бўлмасин – ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик ёки қандайдир бошқа бир йўл билан ёвузликни камайтиришга қаратилган. Агар шундай бўлса, унда қуйидаги ҳодисада нима қилмоқ керак эди?

Тасаввур этайлик, менга маълумки, бир шахс қандайдир улкан ёвузлик қилмоқчи, масалан, гўё бутун бир уй ёки шаҳарга ўт қўймоқчи, ёхуд поезд, параход фалокатини уюштирмоқчи ва ҳоказо. Шубҳасиз, буларнинг оқибатида ўнларча, юзларча, мингларча кишилар ҳалок бўлиши мумкин. Мен, албатта, тайёрланаётган улкан ёвузликнинг олдини олиш учун чора кўришга ахлоқан мажбурман. Бироқ бунинг учун менда ёвуз шахс ўз ниятини амалга оширишдан илгари унинг ўзини йўқотишдан бошқа чора бўлмаслиги мумкин.

Мен ёвузни йўқ қилиб, ўнларча, юзларча, мингларча ва ҳоказо кишиларни сақлаб қолишим учун бир одамни ўлдирдим деб ўз ҳаракатимни оқлар эдим. Тўғрироғи, мен қилган иш, албатта, ёвузлик, аммо у мен ёвузни ўлдириб тўхтатган, яъни амалга оширилажак улкан ёвузликка нисбатан арзимасдир. Мен ўз ҳаракатимни ёвузлик деб эмас, балки нақадар катта ёвузликнинг олдини олишнинг ягона чораси деб атар эдим, чунки у ёвузликни камайтиришга ёрдам беради.
Менинг мулоҳазам ана шундай, бироқ, у, тўғрими, билмайман. Шунинг учун узоқ иккиланишдан сўнг тушунтириб бериш учун Сизга мурожаат қилдим.

Агар, мени ниҳоятда қизиқтирган масала ҳақидаги гумонимни тушунтириб бериш шарафига муяссар этсангиз, мен Сиздан абадий миннатдор бўламан.

Менинг манзилим: Саратов ш. Д.Юренев растаси, Адлия бўлими.
Убайдулла Асадуллаевич Хўжаевга.Сизга самимий мухлис мусулмон, Уб.Ас. Хўжаев. 29 май 1909 й. Саратов ш.” 

Буюк мутафаккир адиб Л.Н.Толстой ушбу мактуб билан танишиб, мактуб эгасини узоқ мунтазир қилмай жавоб ёзади.

"Ясная Поляна, 1909 йил, 5 июнь.

Убайдулла Асадуллович,
Сиз, мендан сўрабсизки, бир кимсанинг кўп одамларга ёвузлик қилиш нияти маълум бўлса, у тақдирда қаршилик кўрсатмаслик ҳақидаги таълимотни тан олган киши нима қилиши керак? Кўпчилик ҳалокатининг олдини олиш учун, ўша бир кишига нисбатан зўрлик қўллаш маъқул эмасми?

Афв этасиз, бу саволингиз, кўпларнинг шу хилдаги саволлари сингари, ҳақиқатни билиш истагидан эмас, аксинча, ҳақиқат деб ҳисобланган нарсани адо этмасликни оқлаш истагидан келиб чиққан. Инсонга меҳр-муҳаббат ҳақидаги таълимот қаршилик кўрсатмаслик тушунчасини ҳам ўз ичига олиб, у инсон интиладиган идеални билдиради. Идеални таомилнинг оддий қоидаси деб билиш эса катта хато ёки ўз-ўзини алдашдир. Бу ҳаётда ҳеч қачон тўла эришиб бўлмайдиган етук камолотни талаб этувчи идеалгина идеал бўла олади. Лекин у ҳаётга раҳнамо сифатида зарурдир, ҳаётда эришиб бўлмайдиган ана шу камолотдан далолат бергандагина зарурдир. Меҳр-муҳаббат идеали ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Қаршилик кўрсатмаслик тушунчасини ҳам ўз ичига оладиган меҳр-муҳаббатни талаб этиш – ҳеч вақт тўла адо этиб бўлмайдиган нарсадир, шунинг учун уни адо этишга интилиш ҳам керак эмас, деган мулоҳаза менга компас тутган шундай бир одамни эслатади: йўлда манзилингга тикка бор, деб унинг қўлига компас тутқазганлар, у бўлса, компас кўрсатган тўғри йўлда ўтиб бўлмайдиган тўсиқлар – тоғлар, дарёлар ва ҳоказолар бор, шу сабабдан ҳам мен мумкин қадар мутлақо тўғри йўналишга тушиб олиш учун компасга риоя қилиб ўтирмай, бошим оққанча четга қараб кетаверишим мумкин, деб туриб олади. Қаршилик кўрсатмасликни ҳам ўз ичига оладиган меҳр — муҳаббат масаласида эса компас доимо одамга нима қилиш кераклигини (сайёҳга йўналишни) кўрсатадиган ахлоқий-диний туйғудир; одамнинг хатти-ҳаракатидан келиб чиқадиган оқибатлар эса ҳеч қачон унинг ўзига аён бўлмайди. Шунга кўра, сайёҳ учун компас кўрсатган мутлақ тўғри йўналишга мумкин қадар яқин бўлишга интилиш – инсон учун бирдан-бир раҳнамо бўлиши керак…

Саволингизга берган бу жавобим Сизни қаноатлантира олса ниҳоятда хурсанд бўлур эдим. Лев Толстой"

Жадидчилик фаолияти

Убайдулла Хўжаев Саратовда яшаган вақтида Екатерина Павловна Сердабова билан турмуш қуради. У 1913 йилда Тошкентга қайтиб келгач, Романов кўчаси 16-уйда яшайди ва Тошкент округ судида ҳуқуқшунос Иван Чарковский билан бирга иш олиб борди. Убайдулла суд тизимидаги коррупционерларни фош қилиб, айрим коррупционерларни ишдан бўшатди. У баъзи рус амалдорларининг халққа нисбатан золимлигини исботлади. 

Убайдулла Хўжаев Тошкентга қайтиб келгач, ҳамшаҳар дўстлари уюштирадиган машваратларда иштирок этади ва ўз халқининг тараққиётига, мазлумликдан қутулишига чора ахтариб ҳаракат қилаётган мужоҳид ватандошлари сафига қўшилади. Машваратлардан бирида газета ва жамият ташкил этиш масаласи кўтарилади. У "Турон" жамиятини — қонуний ишлайдиган жамият сифатида шаклланишида ҳуқуқшунослик нуқтаи назаридан амалий иш олиб боради.

Россия империяси маҳаллий аҳоли манфаати учун очиқ ишловчи бирорта сиёсий партияга рухсат бермаслигига кўзи етган У. Хўжаев, Т. Норбўтабеков, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний ва бошқалар билан биргаликда "Турон" мусулмон драма санъати ҳаваскорлари иттифоқи низомини тузади. 73 моддадан иборат бу низом драма санъати тўғрисидаги талаблардан ташқари аҳолига маданий-маънавий хизмат кўрсатиш, халқнинг ижтимоий-сиёсий онгини ошириш масалаларини ҳам ўз ичига қамраб олган эди. Убайдулла Хўжаев труппанинг ишида қизғин иштирок этади, ҳатто айрим спектаклларни намойиш этиш масаласида кеча ташкилотчиси ва маъмури сифатида қатнашди. «Туркестанские ведемости» газетасининг берган хабарга қараганда, 1914 йил 27 февраль куни Колизей биносида намойиш этилган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Падаркуш" драмасини саҳналаштириш ва оммага кўрсатиш ташкилотчиси Убайдулла Хўжаев бўлган.

Охранканинг 1914 йил 8 декабрь маълумотига қараганда, Убайдулла Хўжаев "Умид" биродарлиги ўрнида ташкил қилинган, бай асосида ишловчи «Нашриёт» китоб савдоси уюшмасига аъзо бўлади. Бироқ Хўжаевнинг газетани нашр этиш масаласидаги уриниши мустамлака маъмурияти ва муҳофаза ташкилотига тинчлик бермайди. Убайдулла Хўжаев газетада долзарб мақолалар билан чиқиб, чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатини фош қилди.

Атоқли ҳуқуқшунос доимо халқнинг дарди билан яшади. Шу боис 1916 йилнинг июнь ойидаги рўй берган воқеаларда, яъни мардикорликка олиш тўғрисидаги фармонга Туркистоннинг халқпарвар, онгли ҳуқуқшуноси сифатида қарши чиқди. 1916 йилда «Туркистон мардикорликка олиш қўмитаси»нинг раиси лавозимида ишлади. Қўмита чор амалдорларининг ўзбошимчаликларини фош қилди. 1916 йил 25 июнь куни қабул қилинган «Мардикорликка жўнатиш ҳақидаги» оқ подшо фармонини бекор қилдириш учун Убайдулла Хўжаев маҳаллий миллатпарвар Миркомил Мирмўминбоев билан бирга Петербургга боради. У Россия империяси давлат думасининг 1916 йилнинг декабрь ойидаги мажлисида, император фармони Россия империясининг қонунчилигида кўрсатилган ҳолларга зид равишда қабул қилингани исботлаб берди. 

Убайдулла Хўжаев Туркистон халқининг ўз ҳақ-ҳуқуқини таниши учун тинмай ишлади. Айрим маҳаллий бойлар уни қўллаб-қувватламаган бўлсада, зиёлиларнинг ёрдамида Хўжаев турли тадбирларни амалга оширди. Убайдулла Хўжаев ва сафдошларининг асл нияти маҳаллий халқни арзон ишчи кучи сифатида эмас, балки эллик йилдан ортиқ вақт мобайнида қўлига қурол ушламай, амалий ва назарий жиҳатдан ҳарб илмидан четлаштирилган халқни ҳарбий тизимга қайтариш эди. 

1917 йилда Туркистонда рўй берган сиёсий жараёнларда Убайдулла Хўжаев фаол қатнашди. У Шўрои Исломия жамиятининг раиси бўлди. Хўжаев 1917 йилнинг август ойида бўлиб ўтган «Бутун Россия мусулмонлари иккинчи съезди»да иштирок этади. У съездда сўз олиб шундай дейди:

“Муҳтарам жаноблар! Туркистонда ҳануз эски ҳукумат замонидаги каби тазйиқ ҳукм сурмоқда. Солдат ва ишчи депутатлар Туркистон халқларини хоҳлаганларича қисадилар. Масалан, пахтанинг пуди 10 сўм такса ила олинадир. Ҳолбуки ҳозирда энг арзон деганда пахтанинг пуди 20 сўм турадир. Туркистонда ҳар йил 10-12 миллион пуд чамасинда пахта чиқодур ва онинг арзон олинмоғи ила ҳар йили юз миллион сўм оқча рус жаҳонгирлари ва Русия сарватдорлари фойдасига кетиб туродир. Ишчи ва сўлдат шўролари идея жиҳатиндан жуда яхши муассасалар бўлса ҳам уларнинг Туркистондагиларини билиб бўлмайдир. Улар ўз оралариға мусулмонларни киритмайдилар, киритсалар ҳам 1-2 дан ортиқ ўрин бермайдирлар ва ўзлари Туркистоннинг сиёсий ва маданий манфаатлари учун саъй қилмайдилар. Ҳатто муваққат ҳукумат тарафидан юборилған кўмиссарларға ҳам эрк бермайдилар. Мисол, Петрограддағи миллий шўронинг кўрсатуви ила муваққат ҳукумат тарафидан тайин қилинғон кўмиссар Тошкент ишчи ва солдатлар шўроси ила бирга ишлай олмади. Ва шул сабабли истеъфо қилмоқға мажбур бўлди. Ишчи ва солдатлар шўросининг намояндалари «Миллий шўронинг Туркистонга кўмиссар кўрсатишга нима ҳаққи бор? Бизлар уларнинг юборғон комиссарларини маҳбуслар вагонида юборамиз» деб айтдилар. Уларнинг ҳозирча қўлларида аскарлари, пулемётлари ва тўплари бор, аммо ерли халқларнинг ҳеч нарсаси йўқ”.

Шундан сўнг Убайдулла Хўжаев Еттисув вилоятида қозоқ халқига нисбатан олиб борилаётган қирғинлар, рус муҳожирларининг зўравонликлари, солдатлар бир ерда икки юз кишини, яна бир ерда қирқ кишини ўлдирганлари, қозоқлар очликдан ўлаётгани, Бухорода «Ёш бухороликлар» ҳаракатига тўсқинчиликлар қилинаётгани ҳақида ахборот беради.

Туркистон Мухторияти

Убайдулла Хўжаев Туркистон мухториятининг ташаббускорларидан бири эди. У 1917 йилнинг ноябрь ойидан, 1918 йилнинг февралигача Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ҳарбий ишлар вазири лавозимида ишлади. Убайдулла Хўжаев 1918 йилнинг февраль ойида ҳукумат топшириғи билан Кавказга борди ва Туркистонга ғалла келтириш масаласини ҳал қилди.

Иосиф Сталин 1918 йил 5 январь куни Қўқондаги Туркистон Мухториятини куч билан тарқатиб юбориш ҳақида буюриқ берди. Сталиннинг мазкур буруғидан 25 кун ўтиб Тоболин ва Ф.Колесов буйруғи билан поручик Перфилев қўмондонлиги остида тўп, пулемёт каби оғир қуроллар билан тиш-тирноғигача қуролланган жазо қўшини Қўқонга жўнатилди.

Қўқонда мудҳиш қонхўрликлар содир этилган вақтда Убайдулла Хўжаев Самарқандда бўлиб, Мухториятни сақлаб қолиш учун иқтисодий маблағ ва аскар тўплаш билан овора эди. Туркистон Мухториятининг раҳбарлари қонундан ташқари деб эълон қилинди. Мухтор ҳукуматнинг вакили Ю.Чоришев отиб ташланади, А. Қўшбегиев эса қамоққа олинди.

Мустафо Чўқайнинг ёзишича, мухторият ҳукумати тугатилгач, Убайдулла Ашхобод – Самарқанд йўлида большевиклар қўлига тушиб қолади. Бироқ тез орада Оренбургга боради ва 1918 йилнинг ноябрь ойида Бошқирдистон Мухторияти ҳукуматини тузишда фаол иштирок этади. 

Айблов

Убайдулла Хўжаев 1926 йил 19 апрель куни кўрсатмасида шундай деган эди: 

«Мен ҳукумат ва шўро аъзолигига сайландим, милиция ва жамоат хавфсизлигини сақлашни ташкил қилиш учун ҳукумат томонидан тайинландим. Ҳукумат топшириғига биноан 1918 йил январда Самарқандга маблағ тўплашга юборилдим. Мухтор республика тарқатилиб юборилгач, Тошкентга келдим, сўнг Ашхабод, Красноводск, Астрахан орқали Москвага бордим. Бошқирдистон шўро ҳукуматининг таклифига мувофиқ Оренбургга келдим. 1919 йил иккинчи ярмидан, 1920 йил кузгача Токчуран кантон ижроия қўмитасида котиб бўлиб ишладим».

1920 йилда Хўжаев босқинчи ака-ука Гибзаловларнинг туҳмати билан қамоққа олинади ва аввал Оренбург, сўнг Москвага жўнатилади. Олиб борилган сўроқ ва тафтишлар Убайдулла Хўжаевнинг инқилобий Россияга жиноят қилмаганини кўрсатади ва 1921 йилнинг январь ойида қамоқдан озод қилинди. Шундан сўнг Убайдулла Хўжаев Бухоро Халқ республикасига келди. У давлат нашриёти бошқармаси бўлимида ҳуқуқшунос бўлиб ишлади.

Убайдулла Хўжаев 1924 йилда Москвадан Тошкентга бутунлай қайтиб келади ва Адлия комиссарлиги қошидаги юридик техникумда дарс бера бошлади.  У «Ҳимоячилар коллегияси»да фаолият олиб борди. Хўжаев 1926 йил 18 апрель куни номаълум сабабларга кўра ГПУ (Давлат Сиёсий Бошқармаси) томонидан қамоққа олинди. 22 апрель куни Убайдулла Хўжаев хотини Екатерина орқали Сталин номига ариза йўллайди. Шундан кейин Сталин Хўжаевни озод қилишга буюриқ берди. Бироқ ГПУ ходимлари уни махфий ходим сифатида ишлашга мажбур қилишди. Чорасиз қолган ҳуқуқшунос ёлғондан бунга розилик беради. Аммо, у олти ой давомида ГПУга материал бермайди. Убайдулла Хўжаев қамоқдан чиқиб, адвокатлик фаолиятини давом эттираверди.  

1929 йилда Убайдулахўжа хизмат вазифаларига бепарволик билан қараганликда айбланиб, 1 йил мажбурий меҳнатга ҳукм қилинди. 1931 йилда аксилинқилобий фаолиятда айбланиб, у Сибирга 10 йил сургунга ҳукм қилинди. 1936 йил (айрим манбаларда эса 1937 йил)нинг бошида озод этилган. Қамоқхонадалигида Убайдулла инглиз ёзувчиси Ж. Р. Киплингнинг «Маугли» асарини ўзбек тилига таржима қилиш билан шуғулланди. Озодликка чиққач, у Тошкентда яшаган. 

Убайдуллахўжа узоқ вақт озодликда яшамади. Совет ҳукумати уни ҳар вақт тақиб қилди. 

1938 йилнинг февраль ойида Убайдулла яна ҳибсга олинди. Энди унга инглиз жосуси ва миллатчилик ташкилотига аъзолик айбловлари илиб қўйилди. 

Убайдулла Хўжаев 1938 йил 17 май кунги терговда шундай деган эди:

“Мен ҳеч қачон «Миллий иттиҳод» аъзоси бўлган эмасман, ҳозир аниқ эслай олмайман, Мунавварқорининг уйида бир ёки икки марта бўлганман, шундан сўнг алоқани узиб, Россияга кетганман ва шунинг учун етти йил сургунда бўлиб келдим. Мен «Иттиҳоди тараққий» раҳбарларининг инглиз разведкаси билан алоқаси ҳақида ҳеч нарса билмайман Мен «Иттиҳоди тараққий» раҳбарларининг инглиз разведкаси билан алоқаси ҳақида ҳеч нарса билмайман”.

Бироқ суд уни саккиз йилга озодликдан маҳрум этди. Убайдулла Хўжаев оғир қийноқлардан сўнг 1939 йилда Котлас шаҳридаги қамоқхонада вафот этди. У орадан эллик йил ўтгач, аниқроғи 1989 йил 31 июль куни тўла оқланди. Шу тариқа Убайдуллахўжанинг ижтимоий-сиёсий, фуқаролик ҳуқуқлари тўла тикланди.


Қизиқарли


														
														2024 йилнинг энг яхши пишлоғи аниқланди

2024 йилнинг энг яхши пишлоғи аниқланди

“Йилнинг энг яхши пишлоғи” номли анъанавий халқаро танлов Португалиянинг Визеу шаҳрида ўтказилди.
10:26 / 20.11.2024

														
														“Титаник”даги капитаннинг соати аукционда сотилди

“Титаник”даги капитаннинг соати аукционда сотилди

Henry Aldridge and Son аукцион уйининг хабар беришича, “Титаник”нинг 700 дан ортиқ йўловчисини қутқарган “Карпатия” кемаси к…
10:22 / 18.11.2024

														
														Дунёдаги энг қиммат зумрад кимошди савдосида сотилди

Дунёдаги энг қиммат зумрад кимошди савдосида сотилди

CBS News нашрининг хабар беришича, шаҳзода Садриддин Оғахон III нинг Cartier брошидан зумрадлари кимошди савдосида сотилди.
09:34 / 16.11.2024

														
														Қўшни давлатда 85 млн йиллик динозавр қолдиқлари топилди

Қўшни давлатда 85 млн йиллик динозавр қолдиқлари топилди

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Кансай қишлоғида динозаврларнинг бой мажмуаси, теризинозаврлар қолдиқлари топилди.
10:00 / 13.11.2024

														
														Марсда қадимий океан излари топилди

Марсда қадимий океан излари топилди

Хитойлик планетологлар “Чжунжун” марсоходи Марс сайёрасида тахминан 3,5 миллиард йил олдин улкан океан бўлганини тасдиқловчи…
09:54 / 11.11.2024

														
														Амир Темур ҳаёти ҳақида эски қўлёзма топилди

Амир Темур ҳаёти ҳақида эски қўлёзма топилди

Бу ҳақда Тожикистон Миллий университети профессори, филология фанлари доктори Бадриддин Мақсудов маълум қилди. Қўлёзма Тожик…
12:25 / 10.11.2024

														
														132 йил олдин ёзилган мактуб топилди

132 йил олдин ёзилган мактуб топилди

BBC нашрининг хабар беришича, Шотландия жанубидаги Корсволл маёғи деворлари остидан ичида 132 йил аввал ёзилган мактуб мавжу…
12:20 / 10.11.2024

														
														Hyundai янги технологик танкни тақдим этди

Hyundai янги технологик танкни тақдим этди

Hyundai компанияси яқинда водород двигателига эга бўлган, дрон ва автопилот функцияси билан жиҳозланган янги турдаги “Hyunda…
09:29 / 06.11.2024

														
														Велосипед ҳайдаётганда телефондан фойдаланган шахслар энди қамалади

Велосипед ҳайдаётганда телефондан фойдаланган шахслар энди қамалади

ББCнинг маълумотига кўра, энди Японияда велосипед ҳайдаб кетаётиб, мобил телефондан фойдаланган фуқаролар олти ойгача қамоқ …
16:44 / 04.11.2024

														
														Электромобиллар учун ғилдиракли повербанклар яратилди

Электромобиллар учун ғилдиракли повербанклар яратилди

Хитойнинг Wuling компанияси электромобиллар учун ўзиюрар зарядлаш қурилмасининг прототипини тақдим қилди.
12:33 / 03.11.2024

Бу ҳам қизиқ

Ўзбекистон Президенти Россия делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Россия делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Россия Фед…
15:42 / 22.11.2024
Исроил Ғазодан кўра Ливанда сулҳ тузишни афзал билади

Исроил Ғазодан кўра Ливанда сулҳ тузишни афзал билади

The New York Times газетасининг хабар беришича, Исроил ва Ливан ўртасидаги мумкин бўлган келишувнинг тафсилотлари маълум бўл…
09:21 / 23.11.2024
“Ватандош картаси”га эга шахслар Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириши ва чиқиши мумкин

“Ватандош картаси”га эга шахслар Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириши ва чиқиши мумкин

Президент Қарори билан “Ватандош” гувоҳномаси ва “Ватандош” картасини расмийлаштириш, бериш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрис…
14:19 / 22.11.2024
Хоразм вилоятини ривожлантириш бўйича режалар кўриб чиқилди

Хоразм вилоятини ривожлантириш бўйича режалар кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари юзаси…
20:30 / 22.11.2024
Байден Нетаняхуни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерни “даҳшатли” деб атади

Байден Нетаняхуни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерни “даҳшатли” деб атади

Кеча, 21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Нетаняху ва Галантни Ғазо секторидаги ҳарбий жиноятлари учун ҳибсга олиш тўғрисида …
09:38 / 22.11.2024
“Тошшаҳартрансхизмат”га янги раҳбар тайинланди

“Тошшаҳартрансхизмат”га янги раҳбар тайинланди

Саттаров шу йилнинг февраль ойида ўғирлик ва расмий сохталаштиришда гумон қилиниб ҳибсга олинган Анвар Жураевнинг ўрнини эга…
21:50 / 22.11.2024
Пойтахтнинг айрим кўчалари вақтинча ёпилади

Пойтахтнинг айрим кўчалари вақтинча ёпилади

Бу ҳақда “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” МЧЖ матбуот хизмати хабар берди.
21:39 / 21.11.2024
Қобул Дусовга 1 йиллик уй қамоқ жазоси тайинланди

Қобул Дусовга 1 йиллик уй қамоқ жазоси тайинланди

Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
17:39 / 22.11.2024
22 ноябрь куни қандай об-ҳаво кузатилади?

22 ноябрь куни қандай об-ҳаво кузатилади?

Ҳарорат кечаси 4-6, кундузи 13-15 даража илиқ бўлади.
22:47 / 21.11.2024
Метронинг 4 та бекатида ҳожатхоналар қурилиши бошланди

Метронинг 4 та бекатида ҳожатхоналар қурилиши бошланди

Қурилиш бошланган бекатлар қуйидагилардир: “Буюк ипак йўли”, “Амир Темур хиёбони”, “Пахтакор” ва “Беруний”.
12:04 / 21.11.2024

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!