Ўзбекистон иқлим ўзгариши муаммосининг жиддийлигини тан олади. Шу сабаб 2030 йилга бориб яшил энергия ишлаб чиқаришни 40 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Энергетика вазирининг ўринбосари Умид Мамадаминов Озарбайжоннинг Баку шаҳрида бўлиб ўтган COP29 доирасидаги Марказий Осиёда энергияга ўтиш бўйича инвестиция форумида маълум қилган.
Вазирлик расмийсининг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳам энергия талаб қиладиган мамлакат бўлиб, чиқиндиларнинг 70 фоизи энергетика соҳасига тўғри келади. “Биз иқлим ўзгариши муаммосининг чуқурлигини тушунамиз. Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон углерод изини камайтириш ва барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун қайта тикланадиган энергияни энергия тизимига интеграция қилишга интилмоқда. 2030 йилга келиб мамлакатда қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг улуши камида 40 фоизни ташкил этади. Шундай қилиб, бу бизнинг асосий мақсадимиз - қайта тикланадиган манбалардан электр энергиясини ишлаб чиқаришни кўпайтириш”, – дея таъкидлади Мамадаминов.
Вазир ўринбосари тоза энергияга ўтишда чегарадош давлатлар билан трансчегаравий алоқаларни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик қилиш муҳимлигини қўшимча қилган.
“Ҳозирда кўплаб гидроэнергетика лойиҳалари амалга оширилмоқда, биз Қирғизистон ва Қозоғистон, шунингдек, Тожикистон билан ҳамкорликда иш бошладик”, – дейди вазир ўринбосари.
Мамадаминовнинг айтишича, ҳозирда барча Марказий Осиё давлатлари углерод бозори бўйича ўз стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий база ишлаб чиқилмоқда ва 2024 йилнинг охиригача тайёр бўлади.
Шунингдек, у иқлим бўйича мақсадларга эришиш учун молия институтларининг ҳамкорлиги ва халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами зарурлигини таъкидлаб ўтган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!