Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Бу ҳақда Болалар Омбудсмани хабар бермоқда.
Ушбу қонун 5 боб ва 51 моддадан иборат бўлиб, қонун билан болага нисбатан зўравонлик тушунчаси ва жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликдан ташқари унинг янги шакллари - ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг кабилар ҳам эътироф этилмоқда.
Шунингдек, давлат болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш учун тегишли ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чораларни кўриши, зўравонликдан жабрланувчиларни реабилитация қилиши ва уларнинг ҳуқуқларини тиклаши ҳамда уларни ижтимоий мослаштириш учун зарур бўлган самарали чоралар кўриши қонунан белгиланмоқда.
Хусусан, мутасадди органларнинг болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид махсус ваколатлари, ўзаро ишлаш механизми ва масъулияти доираси кўзда тутилмоқда.
Муҳими, Қонун билан нафақат зўравонликдан жабр кўрган болаларни ҳимоя қилиш, балки зўравонлик хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш ва уларга нисбатан зўравонлик хавфларини бартараф этиш тизими йўлга қўйилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!