Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Аркутсой палеолит ёдгорлигида тахминан 320–280 минг йил аввалги қатламга мансуб тош артефактлар топилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Антропология институти ҳамда Россия Фанлар академияси мутахассисларидан иборат қўшма экспедиция 2024 йилдан буён Аркутсой ёдгорлигида археологик қазишмалар олиб бормоқда.
Тадқиқотлар давомида геологик кесманинг турли сатҳларида, жумладан, биринчи, иккинчи ва учинчи қазилма тупроқ қатламларида инсон томонидан ишлов берилган тош қуроллар аниқланган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, турли даврларга оид қатламлардан топилган артефактлар қадимги одамлар ушбу ҳудудда бир неча босқичда яшаганини кўрсатади.
Айниқса, 320–280 минг йил аввал шаклланган деб тахмин қилинаётган учинчи қатламдаги топилмалар алоҳида аҳамиятга эга. Агар уларнинг ёши лаборатория таҳлиллари орқали тасдиқланса, Аркутсой Ўзбекистондаги энг қадимги археологик ёдгорликка айланиши мумкин.
Бу эса ҳудуд илк палеолит давридаёқ қадимги инсонлар томонидан ўзлаштирилганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда IV–V асрларга оид қадимий ибодатхона ҳамда ноёб деворий гул тасвирлари топилгани ҳақида хабар берилганди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!