Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан Тошкент метрополитенида эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда поездлар ҳаракати интерваллари қисқартирилади.
Бунга пойтахтдаги барча олий таълим ташкилотларида биринчи смена машғулотлари соат 08:00 дан бошланиши сабаб йўловчилар оқими ошиши кутилаётгани асос бўлмоқда.
Маълум қилинишича, тиғиз вақтларда метро йўналишларида поездлар қуйидаги интервалда ҳаракатланади:
— Чилонзор йўналишида — 1,5–2 дақиқа;
— Ўзбекистон йўналишида — 3 дақиқа;
— Юнусобод йўналишида — 4 дақиқа;
— Ер усти ҳалқа йўлида — 7–8 дақиқа.
Шунингдек, 2026 йил давомида метрополитен вагон паркини 14 та замонавий ҳаракат таркиби билан тўлдириш режалаштирилган. Ҳозирга қадар 11 та янги таркиб етказиб берилган бўлиб, яқин кунларда яна 3 таси олиб келиниши кутилмоқда.
Йўловчиларга қулай ва хавфсиз хизмат кўрсатиш мақсадида тиғиз вақтларда барча 50 та метро бекатида навбатчилик тизими ҳам йўлга қўйилган. Масъул ходимлардан иборат гуруҳлар эрталабки ва кечки тиғиз пайтларда бекатларда навбатчилик қилиб, йўловчиларга зарур ёрдам кўрсатади.
Қайд этилишича, ушбу чоралар янги ўқув йили бошланиши билан ортиши кутилаётган йўловчилар оқимини самарали бошқариш, метро қатновининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда йўловчилар учун қулай ва хавфсиз шароит яратишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳридаги олий таълим ташкилотларида 2026/27-ўқув йилидан бошлаб биринчи сменадаги машғулотлар соат 08:00 да бошланади. 1-босқич талабалари учун дарслар 7 сентябрдан, 2-босқич ва ундан юқори босқич талабалари учун эса 14 сентябрдан бошланади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!