«Ўзбекистон темир йўллари» 2026 йилнинг биринчи ярмида 1 триллион сўм соф фойда олди. Бу 2025 йилнинг мос давридаги 659 миллиард сўмга нисбатан 350 миллиард сўм ёки 53 фоизга кўп.
Компаниянинг молиявий ҳисоботига кўра, январь–июнь ойларида соф тушум 9 триллион 618 миллиард сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 7 триллион 425 миллиард сўмга нисбатан қарийб 30 фоизга кўп.
Тушумнинг ошишига йўловчи ташиш хизматлари нархларининг кўтарилгани ҳам таъсир қилган. Хусусан, 1 февралдан «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» поездлари, шунингдек, «Афросиёб» электропоездлари чипталари нархи 15 фоизга оширилган.
Фойда тушумдан тезроқ ўсган
Ҳисобот даврида маҳсулот ва хизматлар таннархи 6 триллион 701 миллиард сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилга нисбатан 17 фоизга ёки 974 миллиард сўмга кўп.
Шунга қарамай, тушум таннархга нисбатан тезроқ ўсгани ҳисобига ялпи фойда 2 триллион 917 миллиард сўмга етган. Бу бир йил аввалги кўрсаткичга нисбатан 72 фоизга кўп.
Компания давр харажатларини ҳам 18 фоизга қисқартириб, уларни 1 триллион 66 миллиард сўмгача туширган. Натижада асосий фаолиятдан олинган фойда 2 триллион 399 миллиард сўмни ташкил этиб, бир йил ичида икки баробардан кўпроқ ошган.
Айнан асосий фаолиятдан олинган фойданинг кескин ўсиши компаниянинг соф фойдаси ошишида асосий омиллардан бири бўлган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!