2026 йилги Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичи баҳслари якунланди ва энди турнирнинг энг қизиқарли қисми — плей-офф босқичи бошланади. Афсуски, мусобақанинг кейинги қисми Ўзбекистон миллий терма жамоасисиз давом этади.
Конго ДР билан ўйин Миллий жамоамиз гуруҳ босқичининг сўнгги турида Конго ДРга қарши майдонга тушди ва учрашувни ажойиб тарзда бошлади. Балки бу мундиалдаги энг яхши 15–20 дақиқамиз бўлгандир. Элдор Шомуродовнинг 1-дақиқадаги голи офсайд сабаб бекор қилинди. Бироқ жамоа сардори тушкунликка тушмади ва 10-дақиқада барибир ўз мақсадига эришди. Акмал Мозговой ва Аббос Файзуллаев иштирокидаги ҳужум Шомуродовнинг чиройли зарбаси билан якунланди. 23-дақиқадаги «салқинланиш танаффуси»гача Ўзбекистон ўйинни тўлиқ назорат қилди ва асосан рақиб майдонида ҳаракат қилди. Бироқ биринчи бўлимнинг иккинчи қисмида ташаббус аста-секин Конгога ўта бошлади. Шунга қарамай, «оқ бўрилар» танаффусга ғалаба билан йўл олди. Иккинчи бўлим бошланиши билан Ўзбекистон тўлиқ ҳимояга ўтиб олди. Натижада Конго кетма-кет хавфли ҳужумлар уюштира бошлади. Дақиқалар ўтган сари гол урилиши муқаррардек туюларди. Чунки жамоамиз фақат ҳимояланди ва қарши ҳужумлар ташкил қила олмади. 68-дақиқада Абдуқодир Ҳусанов ишлатган қўполлик пеналти билан жазоланди. «Нюкасл» ҳужумчиси Ёан Висса эса имкониятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди. Дуранг натижа Конгони қониқтирмасди. Африкаликлар босимни янада оширди ва захирадан майдонга тушган футболчилар ҳисобига ҳужумни кучайтирди. 78-дақиқада Ҳусановдан рикошет бўлиб қайтган тўпни Маеле дарвозага йўллаб, жамоасини олдинга олиб чиқди.
Шундан сўнг Конго ҳимояга мустаҳкам жойлашиб, қарши ҳужумларда қандай ўйнаш бўйича Ўзбекистонга ҳақиқий мастер-класс кўрсатди. Қўшиб берилган дақиқаларда эса Висса дублни расмийлаштириб, ўйинга якун ясади — 1:3. Шу тариқа, «оқ бўрилар» дебют мундиалини йилига 4 миллион евро маош оладиган мураббий билан очкосиз якунлади. Тўплар нисбати эса 2:11 кўринишида қайд этилди. Ҳимоявий схема билан 11 та гол Мухлислар ва мутахассислар Колумбияга қарши иккинчи бўлим ҳамда Конго билан ўйиннинг дастлабки 20 дақиқасидан қониқиш ҳосил қилди. Қолган вақт давомида эса жамоа ўз имкониятларини намойиш эта олмади. Сречко Катанеснинг ҳимоявий услубини давом эттирган Фабио Каннаваро жамоаси қарши ҳужумларда деярли ҳеч қандай самарали ишланма кўрсата олмади. Аксинча, Катанес давридаги тартибли ҳимоя, руҳият ва характер ҳам йўқолгандек таассурот қолдирди. Дарвозабонлар статистикаси ҳам кўнгилдагидек эмас: рақибларнинг 17 та аниқ зарбасидан атиги 6 таси қайтарилди. Натижада Ўзбекистон уч ўйинда 11 та гол ўтказиб юборди. Агар жамоа ҳужумкор футбол намойиш этганида ҳам бундан ёмонроқ натижа қайд этилиши қийин эди.
Ҳеч бўлмаганда футболчиларимиз ўз имкониятларини намойиш этиб, Европа клублари скаутлари эътиборига тушиши мумкин эди. Айни пайтда Беҳруз Каримовдан бошқа кашфиёт ҳақида гапириш қийин. Танланган услуб футболчиларнинг салоҳиятини очиб бера олмади, аксинча, уларни чеклаб қўйди.
Шунингдек, 5-2-2-1 схемаси Абдуқодир Ҳусановни турнир антиқаҳрамонларидан бирига айлантириб қўйди. Бутун мавсум давомида доминант футбол намойиш этадиган жамоада ўйнаган ҳимоячи миллий жамоадаги схемада ўзининг асосий устунликларини кўрсата олмади. Ҳусановнинг энг катта афзаллиги — жамоа юқорида ўйнаганида, рақиб қарши ҳужумларини юқори тезлиги эвазига бартараф этишидир. Аммо чуқур ҳимояланишга асосланган тизим унинг кучли жиҳатларига мос келмади. Натижада «Манчестер Сити» ҳимоячиси мундиалда ўзининг ҳақиқий даражасини намойиш эта олмади ва унга ноқулай тизимда ортиқча масъулият юкланди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!