Россия Федерацияси Давлат думасида коррупция учун мансабдор шахсларга нисбатан ўлим жазосини қўллаш таклифи илгари сурилди. Бу ҳақда «Справедливая Россия» партияси етакчиси Сергей Миронов RTVI телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, айрим коррупциявий жиноятлар фуқаролар хавфсизлиги ҳамда мамлакатнинг мудофаа қобилиятига жиддий зарар етказиши мумкин. Шу боис, бундай ҳаракатларни жосуслик ва давлатга хиёнат каби оғир жиноятлар билан тенглаштириш таклиф этилмоқда. «Агар мансабдор шахснинг ғаразли мақсадларда содир этган ҳаракатлари фуқаролар хавфсизлиги ва мамлакат мудофаа салоҳиятига бевосита путур етказса, қонунчиликдаги бўшлиққа дуч келамиз.
Бундай жиноятларни давлатга хиёнат ва жосуслик билан тенглаштириш ҳамда ўлим жазоси билан жазолаш керак», — деди Миронов. Таклифга кўра, Россия Жиноят кодексига ўзгартириш киритилиб, «мамлакат мудофаа қобилияти ва фуқаролар хавфсизлигига зарар етказишга сабаб бўлган коррупциявий фаолият» номли янги жиноят таркибини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Россия қонунчилигида ўлим жазоси энг оғир жазо чораси сифатида сақланиб қолган бўлса-да, 1997 йилдан буён унга нисбатан муддатсиз мораторий амал қилиб келмоқда. Шу сабабли мамлакатда ўлим жазоси амалда қўлланилмайди. Маълумот учун, Россияда ўлим жазоси ижро этилган сўнгги маҳкум «Фишер» тахаллуси билан танилган серияли қотил Сергей Головкин бўлиб, у 1996 йилда отиб ташланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!