Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган Денов туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган, муқаддам судланган шахснинг ёнида 9 кг “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу гиёҳвандлик воситаси келгусида сотиш мақсадида тожикистонлик наркокартеллар томонидан етказиб берилганлиги маълум бўлди.
Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Фарғона вилоятида ҳам тезкор тадбир ўтказилди. Жумладан, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1994 ва 1988 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро кетаётган автотранспорт воситаси шаҳар ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилиб текширилганда, уларнинг ёнида 5 кг 862 грамм “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, улардан ушбу гиёҳвандлик воситасини ҳар бир кг.ни 89 млн. сўмдан келишган ҳолда сотиб олмоқчи бўлган вақтида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 1997 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинди.
Бундан ташқари, ушбу гиёҳвандлик воситасини муқаддам Қирғиз Республикасининг Боткен вилояти Қадамжой туманида “савдогардан” олиб, мамлакатимизга контрабанда йўли билан келтирган жиноий гуруҳ етакчиси - Сўх туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган шахс ҳам процессуал тартибда ушланди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона вилоятининг Фарғона туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс 3 кг 950 грамм “гашиш” моддасини харидорга 38 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди.
Шунингдек, у билан бирга келган, жиноий шериги – Фарғона туманида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, 1992 йилда туғилган шахснинг Фарғона туманидаги яшаш хонадонидан муқаддам Қирғиз Республикасидан келтирилган 868 грамм “гашиш” моддаси ҳам олинди.
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 1969 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ва унинг Денов туманида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган жиноий шериги ўзаро келишган ҳолда, Тожикистон Республикасидан олиб келинган 1 кг 962 грамм “опий” моддасини харидорга 200 млн сўмга сотган вақтларида Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилояти бўйича бошқармалари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.
Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса, Фарғона вилоятида яшовчи, 1988 йилда туғилган ҳамда Андижон вилоятида истиқомат қилувчи, 1969 йилда туғилган, муқаддам судланган икки нафар фуқаро Тожикистон Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган 943 грамм “опий” моддасини сотмоқчи бўлган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 22 кг 585 грамм гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!