Ўз-ўзини севиш яхшими ёки ёмон? Бу саволга бир хил жавоб олиш жуда мушкул, чунки буни барча ўзича тушунади. Кўпчилик бу тушунча остида "эгоизм"ни тушунади ва ўз-ўзини севиш нотўғри, деб ҳисоблайди. Соғлом руҳий ҳолатимиз учун ўзимизни қай даражада яхши кўришимиз кераклиги ҳақида қуйида ўқинг.
Нега кўпчилик инсонлар ўз-ўзини яхши кўриш – бу мутлақо нормал ҳолат эканлигини тан олишдан қўрқишади? Буни тушуниш учун эса "эгоизм"ни "ўзини севиш"дан ажратиб олишимиз керак. "Эго" лотин тилидан таржима қилинганда – инсон ҳаётининг марказида фақат "Мен" туришини англатади. Эгоист инсон ўз манфаатларини бошқалардан устун қўяди ва ҳар қандай вазиятда ўзи учун фойда қидиради. Ўз-ўзини севиш эса, биринчи ўринда ўз-ўзини қабул қилишдир. Ўз-ўзини қабул қилиш дейилганда, нафақат фазилатлар, балки нуқсонларни ҳам борича қабул қилиш тушунилади. Ўзини чинакамига севадиган инсон, дунё учун очиқ ва доимо бошқаларга ёрдамга тайёр бўлади.
Қандай қилиб инсоннинг ўзига бўлган муҳаббати (буни соғлом эгоизм деб атаймиз) ва ҳақиқий эгоизм орасида чегарани топиш мумкин? Ёки, бу туйғуларни қандай қилиб фарқлаб олиш мумкин? Эгоизмдан ўз-ўзини яхши кўришгача бўлган йўл жуда кўп сабр ва ҳаракат талаб қилсада, натижа сарфланган қувватга арзийди.
Эгоизм инсоннинг руҳий ривожланишининг босқичларидан бири ҳисобланади. Уни босиб ўтгандан кейингина, ҳақиқий озодликни ҳис қилиш мумкин. Биз барчамиз ҳам болалигимизда эгоист бўлганмиз ва баъзиларимиз шундайлигимизча қолиб кетганмиз. Ахир болалигимизда бутун дунёдаги барча нарсалар биз учун эдику! Меҳр, эътибор, ғамхўрлик барчаси биз учун! Шундай вазиятда бола ўзини бутун дунёдаги энг керакли инсон, деб деб ҳисоблайди ва бу бола катта бўлгунига қадар нормал ҳолат ҳисобланади. Бу ерда асосий ролни ота-она ўйнайди: уларнинг асосий вазифаси, болани фақат олишга эмас, беришга ҳам ўргатишдир. Худди шундай алмашиш болада инсоний муносабатларда соғлом фикр юритиш қобилиятини пайдо қилади.
Агар болага ёшлигида ота-она меҳри етишмаган бўлса, келажакда у ўз-ўзини севиш қандай бўлишини тушуниши қийин бўлади. Инсоннинг ўзи ва бошқаларга бўлган муҳаббати ўзаро боғлиқ ҳисобланади. Агар киши ўзини яхши кўрса ва барча кўринишларда қабул қила олса, у атрофидагилар ва барча инсонларга осонлик билан меҳр улаша олади.
Шундай қилиб, эгоизм – бу ёмон, соғлом эгоизм, яъни, ўзи ҳақида қайғуриш – бу яхши. Бу жуда осон. Аммо инсон ўзини яхши кўрмаса нима қилиш керак?
Ечим жуда осон:
• Ўз-ўзини ривожлантириш, ўзи учун қизиқарлироқ инсонга айланиш.
• Муваффақиятсизликлар учун ўзини айблайвермаслик ва омадсизликлардан хулоса чиқариш.
• Ўзига нисбатан холис бўлиш ва ҳис-туйғу ва ҳатто, баланд овозда кулишларни ҳам яхши кўриш.
Ўзингиз ҳам кузатиб кўринг, ўзини ҳақиқатдан ҳам яхши кўрадиган инсонни сезмаслик мумкин эмас. У ўзи ва атрофдагиларга тугамас қувват бағишлайди ва бундай инсондан узоқлашгингиз келмайди, тўғрими?
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!