Ҳиндистон ва Бангладешда кучли сув тошқини оқибатида 57 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Икки миллионга яқин маҳаллий аҳоли эса бошпанасиз қолган. Ўн минглаб одамлар электр ва ичимлик сувисиз азият чекмоқда.
Табиий офат оқибатлари ҳақидаги маълумотларни “Al-Jazeera” телеканали маҳаллий амалдорлар баёнотига таяниб хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Ҳиндистон шимоли-шарқидаги тошқин сувлар Барак дарёсидаги катта қирғоқни ёриб ўтиб, Бангладешнинг Силхет вилоятидаги камида 100 қишлоқни сув остида қолдирган. Маҳаллий расмийларга кўра, вайрон бўлган қирғоқни сув сатҳи тушганидан кейингина тиклаш мумкин бўлади.
Шунингдек, 50 мингга яқин аҳоли электр ва ичимлик сувисиз қолмоқда. Айрим аҳоли сув босган йўлларда балиқ тутаётганини кўришган.
Маҳаллий фавқулодда хизматлар маълумотларига кўра, ҳафта давомида Ҳиндистонда момақалдироқ, сув тошқини ва кўчкилар бир неча ўнлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Бангладеш билан чегарадош Ассам штатида камида 14 киши унсурлар қурбонига айланган. Штат расмийларининг айтишича, кучли ёмғирлар 3200 га яқин ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги ерларини сув босган ва минглаб уйларга зарар етказган.
Дарёлар сатҳи кўтарилиб, кўплаб ерлар ҳали ҳам сув остида қолаётгани сабабли 90 мингга яқин одам вақтинчалик бошпаналарга эвакуация қилинган. Эвакуация қилинган ўнлаб оилалар ҳукуматдан ёрдамга муҳтож эканини айтишган.
“Биз келажагимиздан хавотирдамиз. Нима қилишимизни билмаймиз. Бошқа умида қолмади деб ўйлаймиз. Чорвамизни ташлаб кетдик, озиқ-овқатимиз етишмаяпти. Биз бу ерда бир қанча вақт бўлдик ва ҳали ҳам ёрдам кутяпмиз”, дейди маҳаллий аҳолидан бири Al-Jazeera телеканалига берган интервюсида.
Мутахассисларнинг қайд этишича, иқлим ўзгариши натижасида минтақада ва бутун дунёда экстремал об-ҳаво ҳодисалари юзага келиши эҳтимоли ортади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!