Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июнидан эътиборан кафе, ресторан ва умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларга ходимларни қисқа муддатга, жумладан бир кунлик ёки бир ҳафталик ишга расмий тарзда жалб қилиш имконияти яратилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Унга кўра, умумий овқатланиш хизматлари соҳасидаги иш берувчилар айрим тоифадаги ходимларни меҳнат органларининг махсус мобил иловаси орқали соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказиши мумкин бўлади.
Янги механизм доирасида ходимни ишга қабул қилиш ва унга меҳнат ҳақини тўлаш жараёнлари бир куннинг ўзида амалга оширилади. Бу эса асосан кунлик ёки қисқа муддатли ишчи кучига эҳтиёж юқори бўлган кафе, ресторан, меҳмонхона ва туризм соҳаси субъектлари учун қўшимча қулайлик яратади.
Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевнинг таъкидлашича, мазкур тартиб амалдаги меҳнат муносабатларини соҳанинг реал эҳтиёжларига мослаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Унинг сўзларига кўра, умумий овқатланиш ва туризм соҳасида фаолият юритувчи кўплаб корхоналарда ходимлар қисқа муддатларга жалб қилинади, аммо амалдаги тартиб-таомиллар бу жараёнда муайян муаммоларни келтириб чиқараётган эди.
Мазкур масала жорий йилнинг 21 апрель куни умумий овқатланиш ва гастрономия соҳасидаги тадбиркорлар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқот давомида ҳам муҳокама қилинган. Учрашув қатнашчилари меҳнат қонунчилигидаги мавжуд тартиблар соҳанинг ўзига хос хусусиятларини тўлиқ инобатга олмаётганини билдирган.
Шу вақтгача амал қилиб келган қоидаларга мувофиқ, давлат ташкилотлари ҳамда хусусий сектор субъектлари учун ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби деярли бир хил ҳисобланган. Янги тартиб эса меҳнат бозорида кенг тарқалган мавсумий ва қисқа муддатли бандлик шаклларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!