Ўзбекистонда 9 ой давомида қайд этилган ўлимларнинг 57,2 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан келиб чиққан. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.
Мамлакатда 2024 йил январь–сентябрь ойларида вафот этганлар сони 131,7 минг кишини ташкил этди. Шундан эркаклар 72,3 минг нафар, аёллар 59,4 минг нафар. Вафот этганлардан 74,5 минг киши шаҳарларда, 57,2 минг киши қишлоқларда яшаган.
Мамлакатда ҳар 100 минг аҳолига жами вафот этган эркаклар сони 517,6 нафар, аёллар эса 430,5 нафарга тўғри келган.
Агентликнинг қайд этишича, тўққиз ой мобайнидаги ўлим ҳолатларининг 57,2 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 9,5 фоизи ўсимталардан келиб чиққан.
Шу билан бирга, вафот этганларнинг 6,5 фоизида нафас олиш аъзолари касалликлари қайд этилган. Қолган 5,8 фоиз марҳум бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4 фоизи овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 1,2 фоизи юқумли ва паразитар касалликлардан, 15,8 фоизи бошқа касалликлардан вафот етган.
Таққослаш учун, 2023 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда 129,7 минг киши оламдан ўтган. Ўлим ҳолатининг 58,9 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан келиб чиққани маълум қилинган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!