Россия президенти Владимир Путин унинг мамлакати ҳарбий харажатлар учун кўп маблағ сарфлаётганини тан олиб, мудофаа бюджети қисқартирилишини айтган. Бу ҳақда The Telegraph хабар бермоқда.
Владимир Путиннинг ўз чиқишида айтишича, Россия “кейинги йил ва ундан кейинги йил, яъни келгуси уч йиллик даврда” ҳарбий харажатларини камайтира бошлайди. Кремль раҳбари ҳозирда бу мақсад учун 13,5 триллион рубль (172 миллиард АҚШ доллари) сарфланаётганини айтиб, мазкур кўрсаткич ЙИМнинг 6,3 фоизига тўғри келишини маълум қилди. Путиннинг ушбу баёноти Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковнинг ўтган ҳафтадаги огоҳлантиришидан сўнг янгради. У мамлакат “рецессия ёқасида” турганини ва бу иқтисодий ўсишнинг сезиларли даражада секинлашувига олиб келиши мумкинлигини билдирган эди.
Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина ҳам уруш даврида иқтисодий ўсишни мудофаа саноати харажатлари таъминлагани, ҳозир эса мазкур омил ўз кучини йўқотаётганини таъкидлаганди.
“Биз икки йил давомида анча юқори суръатларда ўсдик, чунки эркин ресурслар ишга туширилди. Энди шуни тушуниш керакки, бу ресурсларнинг кўпи аслида тугаган”, – деди Набиуллина.
The Telegraph нашрининг ёзишича, Россия иқтисодиёти 2024 йилда 4,3 фоизга ўсган. Аммо инфляцияни жиловлаш учун октябрдан буён фоиз ставкалари 21 фоиз даражасида ушлаб турилган. Жорий ойда мазкур кўрсаткич 20 фоизгача туширилган, чунки инфляцион босим бироз камайган.
Қолаверса, мамлакат ишчи кучи танқислигига ҳам дуч келмоқда. Шу боис иш ҳақи ўсиши сўнгги 16 йилдаги энг юқори даражага етди. Бунга меҳнатга лаёқатли инсонларнинг мудофаа саноати ва армияга жалб этилиши сабаб бўлган.
Bloomberg News манбаларига кўра, Россия банк тизими вакиллари ёпиқ эшиклар ортида туриб, мамлакат 2025 йилда корпоратив қарзлар бўйича тўловлар бажарилмай қолгани боис молиявий инқирозга юз тутиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Bloomberg шунингдек, Украинадаги урушдан қайтаётган “рус фахрийлари учун нафақа ва уларни жамиятга реинтеграция қилиш” кабилар сабаб харажатлар янада ортиши мумкинлигини қайд этган. Бугунги кунгача тахминан 140 минг россиялик аскар одатий ҳаётга қайтган бўлиб, уларнинг кўпи ҳозир ишсиз ҳисобланади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!