Икки самолёт Саудия Арабистонидан Рзешов аеропортига Украина аҳолиси учун мўлжалланган 168 тонна гуманитар ёрдамни етказди. Бу ҳақда Саудия Арабистони матбуот агентлиги хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони томонидан юборилган гуманитар юк қурилиш материаллари, электр генераторлари ва дори-дармонлардан иборат.
Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ал Сауд жорий йилнинг 26 февраль куни Украинага мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан кейин биринчи ташрифини амалга оширди. Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида у “қироллик кескинликни пасайтириш ва тинчликка эришишга ёрдам берадиган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканлигини” айтди.
Қироллик ташқи ишлар вазири Украинага инсонпарварлик ёрдами сифатида 410 миллион доллар ажратиш қарорини эълон қилди. Ар-Риёд ва Киев ўртасида бир қанча келишувлар, жумладан, Украинага 300 миллион долларга яқин нефт маҳсулотларини етказиб беришни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Қолган маблағлар – тахминан 100 миллион доллар Қирол Салмон номидаги инсонпарварлик ёрдами ва гуманитар операциялар маркази дастурини амалга оширишга йўналтирилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!