«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйди.
Денов туманида истиқомат қилувчи, 1980 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг яшаш хонадонлари кўздан кечирилганда, у келгусида сотиш мақсадида 1 кг 7 грамм «опий» ва 998 грамм «гашиш» моддаларини сақлаб келаётгани аниқланган.
Тумандаги бошқа ҳолатда 1986 ва 1966 йилларда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун судланган икки нафар фуқаро 491 грамм «гашиш» моддасини шартли харидорга 85 миллион сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунга ўхшаш ҳолат вилоят марказида ҳам қайд этилган. 2003 йилда туғилган Афғонистон фуқароси «Термиз халқаро савдо маркази» ҳудудида 506 грамм «опий» моддасини шартли харидорга 2 500 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган.
Аниқланишича, у гиёҳвандлик воситасини қўшни давлатдан яширинча олиб келишда ўз ички аъзосидан «жонли контейнер» сифатида фойдаланган.
Ҳозирда учала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!