Президент Илҳом Алиев: “Қардош Ўзбекистонга ҳар сафар келганимда, айниқса сўнгги йилларда мамлакатнинг барча соҳаларда жадал ривожланаётганини кўриб, қувонаман”
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев мамлакатимизга давлат ташрифи арафасида катта интервью берди.
– Ҳурматли Президент жаноблари, сўнгги йилларда Озарбайжон – Ўзбекистон муносабатлари жадал ривожланиб, энг юксак босқич – иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Ўзбекистонга яқин вақтда кутилаётган давлат ташрифингиз арафасида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини қандай баҳолайсиз?
– Икки қардош мамлакат – Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар муштарак тарих, маданият, тил ва маънавий қадриятлар, шунингдек, халқларимизнинг асрлар оша, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ва чуқур ўзаро меҳр-оқибатига таянади. Ана шу мустаҳкам пойдевор асосида қурилган давлатлараро муносабатлар сўнгги йилларда мисли кўрилмаган ривожланиш босқичига кириб, энг юксак поғона – иттифоқчилик даражасига кўтарилди ва мутлақо янги мазмун касб этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, менинг азиз биродарим, ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев билан ўртамиздаги самимий дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч Озарбайжон – Ўзбекистон қардошлигини мустаҳкамлаш, давлатлараро алоқаларни бугунги даражага олиб чиқиш ва иттифоқчилигимизни ривожлантиришда алоҳида ўрин тутади. Президент Мирзиёевнинг мамлакатларимиз қардошлиги, бирлиги ва иттифоқчилиги йўлидаги тинимсиз ва қатъиятли фаолияти Озарбайжонда унга нисбатан чуқур ҳурмат ва меҳр уйғотган.
Айтиб ўтганимдек, давлатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқот жуда юқори даражада. Шубҳасиз, олий даражадаги мунтазам ўзаро ташрифлар – сўнгги беш йилда уларнинг сони 15 тани ташкил этди – ва яқин мулоқотларимиз ушбу алоқаларни жадал ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратмоқда.
Охирги беш йилда бу менинг қардош мамлакатга учинчи давлат ташрифим ва умуман олганда еттинчи ташрифимдир. Гўзал ва бетакрор Ўзбекистонга ҳар бир ташрифим мен учун алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, доимо катта мамнуният бағишлайди. Анъанага кўра, бу ташрифлар юксак меҳмондўстлик, қардошлик, самимият ва ўзаро англашув муҳитида ўтади. Қардош Ўзбекистонга ҳар сафар келганимда, айниқса сўнгги йилларда мамлакатнинг барча соҳаларда жадал ривожланаётганини кўриб, қувонаман. Замонавий шаҳарлар барпо этилиши, иқтисодиётнинг диверсификация қилиниши, йирик инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши, илм-фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларига қаратилаётган эътибор мамлакатнинг юксак ўсиш суръатларини яққол намоён этмоқда.
Ўзбекистон етакчиси, менинг азиз биродарим, ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг доно раҳбарлиги остида мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш ва равнақ топтириш йўлида изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи тобора юксалаётгани ва барча асосий тармоқларда эришилаётган салмоқли ютуқлар самимий ҳурмат ва чуқур мамнуният уйғотади. Буларнинг барчаси Президентнинг пухта ўйланган сиёсати, стратегик қарашлари, Ватанга муҳаббати ва самарали давлат бошқарувининг натижасидир.
2024 йил август ойида менинг Ўзбекистонга давлат ташрифим, 2025 йил июль ойида эса Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга давлат ташрифи бўлиб ўтди. Икки томонлама ташрифлар доирасида имзоланган кўплаб ҳужжатлар, хусусан, Стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация ва Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома икки мустақил, кучли ва суверен давлатимиз ўртасидаги табиий иттифоқчиликни расман мустаҳкамлади. Улар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг ҳуқуқий ва сиёсий асосларини янада кучайтириб, келгусидаги ҳамкорлигимизни ривожлантириш учун янги имкониятлар очди.
Шу билан бирга, 2023 йил август ойида ташкил этилган Олий давлатлараро кенгаш Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштиришнинг муҳим институционал механизмига айланди. Мазкур платформа давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилаш, янги ташаббусларни илгари суриш ва турли соҳалардаги ҳамкорликни самарали мувофиқлаштиришга хизмат қилмоқда. Кенгашнинг Тошкент ва Бокуда ўтказилган икки йиғилиши Озарбайжон – Ўзбекистон муносабатларининг юксак суръатларда ривожланаётгани, сиёсий мулоқотнинг изчиллиги ва давлатларимизнинг истиқболга мўлжалланган қўшма фаолиятга қатъий интилишини кўрсатмоқда.
Бугун сиёсий муносабатларимиз иқтисодиёт, инвестициялар, саноат, транспорт, логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим, илм-фан, маданият ва гуманитар соҳалардаги кенг кўламли амалий ҳамкорлик билан янада бойимоқда. Амалга оширилаётган лойиҳалар мамлакатларимизнинг иқтисодий салоҳиятини бирлаштириш билан бирга, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамламоқда.
Ишончим комилки, бўлажак ташриф ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва иттифоқчилик муносабатларимизни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
– Озарбайжон – Ўзбекистон муносабатларининг муҳим йўналишларидан бири савдо-иқтисодий ҳамкорликдир. Бу соҳада эришилган ютуқлар ҳақида нима дея оласиз?
– Савдо-иқтисодий ҳамкорлигимиз сўнгги йилларда жадал ривожланмоқда. 2025 йилда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми аввалги йилга нисбатан 3 баробардан зиёд кўпайиб, 795 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу жуда яхши кўрсаткич. Шунингдек, 2026 йил январь – май ойларида товар айирбошлаш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга ўсиб, 144 миллион АҚШ долларига етди.
Уч йил аввал умумий капитали 500 миллион АҚШ доллари бўлган Озарбайжон – Ўзбекистон инвестиция компаниясининг ташкил этилиши мамлакатларимиз ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим платформа яратди. Компания Озарбайжон ва Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларидаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш ва амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Бундан ташқари, Ҳукуматлараро комиссия иқтисодий, савдо, инвестиция ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Бугунга қадар комиссиянинг 15 та йиғилиши ўтказилди. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда Озарбайжон – Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг бугунги ҳолати, эришилган натижалар ва келгусидаги ривожланиш йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлигимиз ҳам фаол ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг «O‘ZLITINEFTGAZ» ва «SOCAR»нинг «NIPI Neftegaz» институтлари негизида ташкил этилган «Neftgaztexnologiya» қўшма корхонаси 2016 йилдан буён нефть-газ соҳасида муваффақиятли фаолият юритмоқда. Шунингдек, 2024 йилда «SOCAR» ва «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган «Turan Energy APESCO» қўшма корхонаси «Azerikimya» ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланган юқори босимли полиэтиленни Ўзбекистонга экспорт қилмоқда.
«Яшил» энергетика соҳасидаги ҳамкорлигимиз ҳам давом этмоқда. 2025 йилда Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг тегишли энергетика идоралари томонидан Бокуда «Yaşıl Dəhliz Birliyi» масъулияти чекланган жамияти таъсис этилди. Мазкур қўшма корхона Озарбайжон – Марказий Осиё «яшил» энергия йўлаги лойиҳасини амалга оширишни мувофиқлаштириш, қайта тикланувчи энергияни экспорт қилиш ва уни Каспий денгизи туби орқали узатиш имкониятларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.
Икки мамлакат ўртасидаги транзит ташувлари ҳажми ҳам ўсмоқда. 2025 йилда бу кўрсаткич 6,7 фоизга ошиб, 1,4 миллион тоннани ташкил этди. Жорий йилнинг январь – июнь ойларида эса 12,2 фоизлик ўсиш қайд этилиб, ташувлар ҳажми 675 минг тоннага етди.
Ўзбекистон томони билан амалга оширилаётган қатор қўшма лойиҳалар иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мамлакатларимиз учун янги ривожланиш имкониятларини яратишга муҳим ҳисса қўшмоқда. Бу борада озод этилган Фузулий туманида 100 гектар майдонда «Дўстлик боғи» номли анорзор барпо этилиши, шунингдек, Chevrolet автомобиллари ва Isuzu автобусларини ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни алоҳида қайд этиш мумкин. Маълумот учун айтиб ўтсам, 2026 йил 13 июль ҳолатига кўра, жами 10 720 та Chevrolet автомобили ва 275 та Isuzu автобуси ишлаб чиқарилган.
Айни пайтда мамлакатимизда Ўзбекистон инвестициялари иштирокидаги 130 дан зиёд тижорат ташкилоти рўйхатдан ўтган бўлиб, улар саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт ва хизмат кўрсатиш каби иқтисодиётнинг турли йўналишларида муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўзбекистон компанияларининг Озарбайжондаги фаолияти мамлакатларимиз ўртасида шаклланган ўзаро ишонч, қулай инвестиция муҳити ва мустаҳкам иқтисодий шерикликнинг яққол ифодасидир.
Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятлари бир-бирини тўлдиради ва бу ҳамкорликнинг янги шаклларини яратиш учун кенг истиқболлар очади. Биз Озарбайжон компанияларининг Ўзбекистонда, Ўзбекистон компанияларининг эса Озарбайжонда янада фаол ишлашини, шунингдек, қўшма ишлаб чиқариш ва инвестиция лойиҳалари сонининг кўпайишини қўллаб-қувватлаймиз.
Озарбайжон ҳам Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда. Бу борада «PASHA Holding» компанияси томонидан Тошкент шаҳрида «The Ritz-Carlton» бренди остида қурилаётган меҳмонхона ва турар жой мажмуаси, шунингдек, Тошкент вилоятидаги «Sea Breeze Uzbekistan» йирик сайёҳлик ва турар жой мажмуаси лойиҳаларини қайд этиш мумкин.
– Сизнингча, маданий дипломатия Озарбайжон – Ўзбекистон давлатлараро алоқаларини мустаҳкамлашда қандай ўрин тутади?
– Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик муштарак илдизлар, тил ва маданият яқинлиги, шунингдек, асрлар давомида шаклланган маънавий қадриятларга таянувчи муносабатларнинг ажралмас ва муҳим йўналишларидан биридир. Бу соҳадаги ҳамкорлик халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашув, ишонч, дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиб, гуманитар алоқаларни янги мазмун билан бойитмоқда.
Халқларимизнинг ўзаро интилиши ва давлатларимизнинг биргаликдаги қўллаб-қувватлаши туфайли маданий-гуманитар алоқалар сўнгги йилларда муваффақиятли ривожланмоқда. Биргаликда ўтказилаётган маданият кунлари, санъат фестиваллари, илмий анжуманлар, адабиётларни нашр этиш ва таълим дастурлари икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар кун тартибини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади.
2023 ва 2025 йилларда Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари, 2024 йилда эса Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари ўтказилди. Шу йили Хива шаҳрида «Шуша кунлари» ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг нуфузли делегацияси Бокуда Биринчи туркологлар қурултойининг 100 йиллигига бағишлаб ўтказилган Туркий дунё ҳафталигида иштирок этди.
Қардош мамлакатдаги энг қадимий ва нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Ўзбекистон Миллий педагогика университети буюк озар шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавий номи билан аталишидан фахрланамиз.
Ўтган йили Боку марказида мен ва азиз биродарим Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан пойдевори қўйилган, 5 гектар майдонни эгаллайдиган «Ўзбекистон» боғи қардошлигимизнинг яна бир рамзига айланади.
Ҳайдар Алиев жамғармаси томонидан амалга оширилаётган ташаббус ва лойиҳалар ҳам икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик Озарбайжон ва Ўзбекистон маданий-гуманитар шериклигининг етакчи йўналишларидан биридир. 2025/2026 ўқув йилида Озарбайжонда Ўзбекистоннинг 67 нафар фуқароси, Ўзбекистонда эса Озарбайжоннинг 176 нафар фуқароси таҳсил олди.
Ўзбекистон ташаббуси билан Фузулий шаҳрида барпо этилган ва фаолият юритаётган Мирзо Улуғбек номидаги умумтаълим мактаби таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг ёрқин намуналаридан ва мамлакатларимиз ўртасидаги қардошлик муносабатларининг яна бир ифодасидир. Ушбу эзгу ташаббус, шунингдек, озод этилган ҳудудларимиздаги тиклаш ва бунёдкорлик ишларига кўрсатилаётган кўмак учун бутун Ўзбекистон халқига ва шахсан Президент Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирамиз.
Медиа соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим натижалар бермоқда. 2024 йил 23–25 сентябрь кунлари Тошкентда I Ўзбекистон – Озарбайжон медиафоруми, 2025 йил 29 сентябрь куни Бокуда II Озарбайжон – Ўзбекистон медиафоруми ўтказилди. 2023 йилда Фузулийда Озарбайжон ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигининг I форуми, 2024 йилда эса Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбайжон ННТлари ҳамкорлигининг II форуми бўлиб ўтди. Ушбу форумларнинг амалий натижаси сифатида 2026 йилда икки қардош мамлакат илк бор ННТлар учун қўшма грант танловини эълон қилди. Танлов якунларига кўра, Озарбайжоннинг ғолиб лойиҳалари Ўзбекистонда, Ўзбекистоннинг ғолиб лойиҳалари эса Озарбайжонда амалга оширилади.
Ўзбекистондан Озарбайжонга сайёҳлик сафарлари сони ҳам ортиб бормоқда. 2024 йилда мамлакатимизга Ўзбекистоннинг 46 минг, 2025 йилда 62 минг, 2026 йил январь – август ойларида эса 44 минг нафар фуқароси ташриф буюрди.
Ҳудудлараро ҳамкорлик муваффақиятли ривожланаётганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Боку – Тошкент, Исмоилий – Риштон, Шуша – Хива, Ланкаран – Бухоро, Шеки – Қўқон, Биласувар – Термиз, Мингечевир – Наманган, Фузулий – Гулистон, Губа – Жиззах ва Бейлаган – Шаҳрисабз шаҳарлари ўртасида биродарлик ва шериклик алоқалари ўрнатилган. Яқин вақтда Нахчивон ва Урганч ўртасида ҳам биродарлик муносабатларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бугун Озарбайжон ва Ўзбекистон шаҳарларини биродарлаштириш ташаббуслари халқларимизни янада яқинлаштирадиган, муштарак тарихий, маданий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлайдиган, келажак авлодлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлайдиган муҳим ҳамкорлик платформаларидан бирига айланган.
Шундай қилиб, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик нафақат икки томонлама муносабатларнинг муҳим йўналиши, балки халқларимизнинг муштарак қадриятлари, бой маданий мероси ва қардошлик ришталарини асраб, келажакка олиб ўтадиган стратегик гуманитар кўприкдир.
– Ҳурматли Президент жаноблари, Озарбайжон ва Ўзбекистон халқаро майдонларда самарали ҳамкорлик қилмоқда. Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ушбу ҳамкорликни қандай баҳолайсиз ва Озарбайжоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларини ривожлантириш истиқболлари ҳақида нима дея оласиз?
– Мамлакатларимизнинг муҳим масалаларни ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шаклларда ҳал этиш борасидаги биргаликдаги фаолияти юксак эътирофга лойиқ. Икки қардош мамлакат – Озарбайжон ва Ўзбекистон барча масалаларда доимо бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани фахр туйғусини уйғотади.
Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлиги алоҳида аҳамиятга эга. Ўтган йили Габалада ТДТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 12-саммити бўлиб ўтди. Унда ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг асосий масалалари муҳокама қилиниб, ТДТни мустаҳкамлаш, туркий дунёда янада жипс бирликни таъминлаш, унинг сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий қудратини ошириш, шунингдек, глобал майдонда таъсир ва куч марказига айлантиришга қаратилган декларациялар имзоланди.
Озарбайжон ва Ўзбекистон ТДТни нафақат давлатлараро ҳамкорлик платформаси, балки муштарак тарихимиз, маданиятимиз ва маънавий қадриятларимизни келажакка олиб борувчи муҳим тузилма сифатида қабул қилади.
Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг ТДТ доирасида сиёсий мулоқот, иқтисодий алоқалар, транспорт-логистика имкониятлари, таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси туркий давлатлар ўртасидаги интеграцияни янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.
Айниқса, транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлигимиз катта истиқболларга эга. Озарбайжоннинг Жанубий Кавказда, Ўзбекистоннинг эса Марказий Осиёда жойлашгани мамлакатларимизни Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим стратегик йўналишлардаги табиий шерикларга айлантиради. Шу нуқтаи назардан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл лойиҳасининг Ўрта йўлак (Middle Corridor) ва TRIPP билан интеграциялашуви бутун минтақа учун янги иқтисодий ва транзит имкониятларини яратади.
Озарбайжон ва Ўзбекистон томонидан муштарак туркий меросни асраш ва тарғиб этиш бўйича амалга оширилаётган ташаббуслар буюк маънавий бойликни келажак авлодларга етказишда беқиёс аҳамиятга эга.
Мамлакатларимиз бошқа туркий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликка ҳам катта аҳамият беради. Ўзбекистоннинг 2025 йил май ойида Туркий маданият ва мерос жамғармасига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилиши муҳим ва қувонарли воқеа бўлди. Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, қадимий давлатчилик анъаналари ва ўзига хос маданий қадриятларини инобатга олганда, унинг мазкур жамғармага аъзо бўлиши туркий дунёнинг муштарак меросини асраш ва тарғиб этиш соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.
Шундай қилиб, мамлакатларимизнинг ТДТ ва бошқа туркий ташкилотлар доирасидаги фаол ҳамкорлиги туркий дунё интеграциясини янада кучайтириш ва халқаро майдонда унинг ягона позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилишда давом этади.
Озарбайжоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларига келсак, сўнгги йилларда бу алоқалар иттифоқчилик, стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида жадал ривожланганини таъкидлаш лозим. Тарихий-маданий яқинлик ва муштарак маънавий қадриятлар каби муҳим омиллар Озарбайжон билан Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мавжуд алоқаларнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этади.
Озарбайжон Марказий Осиё мамлакатлари билан сиёсий мулоқотни кенгайтириш, иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, транспорт-коммуникация имкониятларини ошириш, шунингдек, энергетика ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликни илгари суриш, ҳамжиҳатликдаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва қўшма ташаббусларни муҳокама қилишда муҳим аҳамиятга эга нуфузли платформалардан биридир.
Ўтган йил ноябрь ойида айнан Тошкентда, Ўзбекистон раислигида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашувида Озарбайжон Республикасининг мазкур форматда тўла ҳуқуқли иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу жараёнда кўрсатилган қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига, шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари раҳбарларига яна бир бор самимий миннатдорлик билдираман.
Озарбайжоннинг ушбу жараёнга фаол қўшилиши натижасида аввал «С5» деб аталган ҳамкорлик формати амалда «С6» форматига айланди, минтақавий мулоқот ва стратегик шериклик эса янги мазмун ва кўлам касб этди.
Озарбайжоннинг мазкур форматда тўла ҳуқуқли иштироки мамлакатимиз Марказий Осиё билан муносабатларга бераётган стратегик аҳамиятни намоён этади. Маслаҳат учрашувлари доирасидаги муҳокамалар минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ва минтақавий ривожланиш учун муҳим ташаббусларни амалга ошириш имконини беради.
Озарбайжоннинг ушбу форматдаги иштироки мамлакатимизнинг минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасини ҳам кўрсатади. Мазкур платформа доирасида яратилган мулоқот ва ҳамкорлик механизмлари нафақат давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, балки бутун Евроосиё маконида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
Шундай қилиб, Озарбайжон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида шаклланаётган кўп қиррали ҳамкорлик ўзаро ҳурмат, ишонч ва муштарак манфаатларга асосланган стратегик шериклик намунасидир.
Озарбайжон ва Ўзбекистон аъзо ёки иштирокчи бўлган деярли барча халқаро ташкилот ва кўп томонлама платформалар, хусусан, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилмоқда.
– Ҳурматли Президент жаноблари, қизиқарли ва мазмунли интервью учун Сизга миннатдорлик билдирамиз. Ўзбекистонга давлат ташрифингиз арафасида қардош халққа қандай тилаклар билдирган бўлардингиз?
– Ушбу ажойиб имкониятдан фойдаланиб, қардош Ўзбекистон халқини мамлакат давлат мустақиллигининг яқинлашиб келаётган 35 йиллиги билан самимий табриклайман ҳамда чуқур ҳурматимни изҳор этиб, тинчлик, фаровонлик, равнақ ва янги ютуқлар тилайман.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!