Саида Мирзиёева Бухоро туманида замонавий ва энергиятежамкор талаблар асосида реконструкция қилинган 21-сонли МТТнинг очилиш маросимида иштирок этди
Жорий йилнинг 15 май куни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бухоро вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида аянчли ҳолга келиб қолган 21-сонли мактабгача таълим ташкилотини кўздан кечириб, уни таъмирлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқларни берганди.
Ҳозирги кунда ушбу масканда тўлиқ реконструкция натижасида янги 100 та янги ўрин яратилиб, жами 240 ўринга етказилди.
Қувонарлиси таъмирлаш ишлари ҳамда қамров оширилиши натижасида ҳудуддаги 3-6 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш 100 фоизга (давлат ва нодавлат МТТда) етказилди.
Қурилишда энергия самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилиб, деворлар базальт асосидаги иссиқлик изоляция материаллари билан қопланди.
Шунингдек, муассасага 40 кВт қувватли қуёш фотоэлектр панеллари ўрнатиш режалаштирилган. Бунинг натижасида, йилига 55-65 минг кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва муассасанинг электр энергия харажатларини камайтириш кўзда тутилган.
Бугун вилоятга навбатдаги ташрифи давомида Саида Мирзиёева ушбу масканнинг очилиш маросимида иштирок этди.
Ушбу масканнинг қайта фойдаланишга топширилиши нафақат ҳудуддаги болажонлар учун замонавий, қулай ва хавфсиз таълим муҳитини яратди, балки чекка ҳудудларда ҳам таълим инфратузилмасини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш борасидаги амалий қадамларнинг яққол намунаси бўлди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!