5 та чиройли ва содда хонаки гул – улар алоҳида парваришга муҳтож эмас, гоҳ-гоҳида қараб қўйсангиз, шунинг ўзи етарли, хурсанд бўлиб ўсаверади.
Уй шароитида ўсадиган гулларнинг парвариши фақат сув қуйиш билан чекланмайди: уларга қай даражада ёруғлик кераклиги, ҳаво ҳарорати ва намлиги қандай бўлиши лозимлигини, ўғитларнинг қайси тури тўғри келишини билиш зарур. Аммо гулларни севувчи, уларни хонадонларида гуркираб туришини истовчиларнинг ҳаммаси ҳам бирдек бу масала билан шуғулланавермайди. Бунга ҳар хил сабаблар бўлиши мумкин. Мутахассислар эса ана шундай инсонларга унчалик эътибор талаб қилмайдиган хонаки гуллар ҳақида маълумот беришган. Бу гуллар жуда кам вақтингизни олади, қуруқ ҳавода ҳам ўсаверади, ўғит ҳам, бошқа гултувакка ўтқазишни ҳам талаб қилмайди. Гоҳ-гоҳида суғориб турилса, шунинг ўзи етади.
Сансевиерия
Бу ўсимликни кўплар "чўртан думи", деб ҳам атайди. Бу гул япроқларининг ҳажми ва шакли турлича. Агар ўзига мос келувчи гултувак танлай олсангиз, болалигингиздаги поликлиникаларни ҳам эслатади. Уни, айниқса, қишда жуда кам суғориш керак. Мўл-кўл ёруғликка ҳам талабгор эмас. Шунинг учун хонанинг сизга маъқул келган қисмида яшнаб тураверади.
Суккулентлар
Кейинги пайтларда суккулентлар анча машҳурлашиб боряпти. Улар жуда ҳам чиройли, турли-туман ва алоҳида парваришга муҳтож эмас. Тупроқсиз ҳам ўсаверади. Қишда ойига бир марта сув қуйилса, етади. Гултуваклари ҳам чуқур бўлиши шарт эмас.
Маранта
Табиатан ажойиб суратлар чизилган йирик япроқли бу ўсимлик қоронғироқ хонада ҳам яшнаб тураверади. Унга суккулентларга қараганда нисбатан кўпроқ сув қуйиб туриш керак. Агар хонада намлик етарли бўлса, қиш ойларида унчалик сув талаб қилмайди.
Нефролепис
Ранг-баранг папоротникларнинг бир тури. Уй шароитларига мослашади ва ҳавони яхши тозалайди. Уни ёруғлик кўп, бироқ қуёш нурлари бевосита тушмайдиган жойда, шунингдек, иситиш мосламаларидан узоқроқда сақлаш керак. Ёзда балконга чиқариб қўйса ҳам бўлади. Жуда кам сув ичади.
Молочай
Бу ўсимликлар тури кактусларга ўхшайди. Оғир шароитларда ҳам ўсаверади. Бироқ жуда ҳам зарарсиз эмас. У ажратадиган шарбат таркибида куйдириш хусусиятига эга бўлган заҳарли моддалар мавжуд. Агар уйда ёш болалар бўлса, уни танламаган маъқул.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!